Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ разведкаси огоҳлантирди: Путин сўнгги «кўзир қарта»ни ишга солиши мумкин

АҚШ разведкаси огоҳлантирди: Путин сўнгги «кўзир қарта»ни ишга солиши мумкин

Фото: AP

Оқ уй Россия томонидан ядро қуроли ишга солинишини истисно этмаётир. Бу ҳақда Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс маълум қилган. Унга кўра, Владимир Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ана шундай қалтис ишга қўл уриши мумкин.

«Президент Путин ва Россия раҳбариятининг соғлом ақлдан йироқ хатти-ҳаракатлари, шунингдек, улар дуч келган ҳарбий мушкулотларни ҳисобга олганда, тактик ядро қуроли ёки кичик қувватли ядро қуролини ишга солиш борасидаги таҳдидга ҳеч ким эътиборсиз қарай олмайди», – дейди У. Бёрнс.

Ўз даврида Россияда элчи вазифасида фаолият юритган АҚШ жосуслик идораси раҳбарига кўра, аламзадалик ва ишончсизлик домида қолган Кремль соҳибига маслаҳатчи ва аъёнлари ҳам жиддий эътироз билдира олмаяпти.

МРБ раҳбари Россиянинг ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли борасида муттасил кузатув олиб борилаётганини маълум қилар экан, ҳозирча бундай қалтис қарор қабул қилинганига далил йўқлигини таъкидлаган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Ғарб мамлакатларидан кўпроқ ҳарбий кўмак сўраркан, Россия раҳбарияти ядро ёки кимё қуролини ишга солиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Украина мудофаа вазирлиги эса ядро қуролини Путин қўлидаги сўнгги «кўзир қарта» деб атаган.

Украина президенти девони маслаҳатчиси, ҳарбий эксперт Алексей Арестович В.Путин «қизил тугма»ни босиб, тактик ядро қуролини ишга солгудек бўлса, бу билан ўзига ўлим ҳукми ўқиши, қирғинбарот ортидан Москванинг яқин иттифоқчиси Пекин ҳам ундан юз ўгиришини башорат қилган.

Россия 6000 га яқин ядро каллакларига эга экани айтилади. Жорий йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди. Сўнгги сўровларга кўра, АҚШнинг 71 фоизи аҳолиси Кремль томонидан ядро қуроли ишга солиниши хавфи ошган деб ҳисоблайди.

Жорий йил март ойида Оқ уй Россия ядро қуролини ишга солгудек бўлса, муносиб жавоб бериш мақсадида махсус гуруҳ тузгани хабар қилинган.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ядро қуролидан қандай ҳолатда фойдаланилиши ҳақида гапирганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг