Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Арманистонни овоз бериш ҳамда ташкилотдаги раҳбарлик лавозимларига ўз вакилларини тавсия этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бунга мамлакатнинг аъзолик бадалларини тўламагани сабаб бўлган.

Қарор 11 ноябр куни Москвада ўтказилган КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишида қабул қилинган. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Арманистон бир неча йилдан буён ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажармаётгани сабабли КХШТ низомига мувофиқ чекловлар жорий этилган.

Ташкилот низомининг 25-моддасига кўра, аъзо давлат икки йил давомида бадаллар бўйича қарздорлигини тўламаса, унинг овоз бериш ва раҳбарлик лавозимларига номзод кўрсатиш ҳуқуқи тўхтатилиши мумкин.

Бироқ Арманистон КХШТ аъзолигидан чиқарилмаган.

КХШТ бош котиби Таалатбек Масадиқовнинг билдиришича, саммитда мамлакатни ташкилотдан чиқариш масаласи муҳокама қилинмаган.

«Арманистон аъзолик бадаллари бўйича қарздорлигини қопласа, унинг ҳуқуқлари тикланиши мумкин. Қарор Арманистон раҳбариятига боғлиқ», – деган у.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февралда мамлакатнинг КХШТдаги иштирокини музлатганини эълон қилган эди.

Ереван бу қарорини ташкилот Арманистон хавфсизлиги билан боғлиқ мажбуриятларини бажармагани билан изоҳлаган. Шундан кейин мамлакат КХШТ фаолиятида иштирок этишни ва аъзолик бадалларини тўлашни тўхтатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг