Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Байден Путиннинг хатарли режасини ошкор қилди

Байден Путиннинг хатарли режасини ошкор қилди

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден 24 февраль куни Россиянинг Украина ҳудудига қўшин тортиб кириши ортидан муҳим баёнот билан чиқди.

«Путин – босқинчи. Путин уруш йўлини танлади. Эндиликда у ва унинг мамлакати оқибатлар учун жавоб беради», – деди Байден.

АҚШ раҳбари Россия қуролли кучларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатини кенг кўламли босқин деб атади ва Вашингтон расмий Москвага нисбатан қақшатқич санкциялар жорий этаётганини эълон қилди.

Байден ўз баёнотида Путин Совет Иттифоқини тиклашга уринаётганини ҳам таъкидлади. Унинг режалари Украина билан чегараланмаслигини қайд этган АҚШ раҳбари СССР деб аталган давлатни қайта тиклаш замонавий дунё низомига зид эканини урғулади. 

Оқ уй етакчиси Россия президентидан ҳафсаласи пир бўлганини очиқ айтар экан, у билан яқин муддатда музокара ўтказиш нияти йўқлигини маълум қилди.

Жорий йил январь ойида CNN телеканалига интервью берган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам В.Путинни собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари устидан назорат ўрнатишга уринишда айблаган ва бу қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини таъкидлаган эди.

В.Путин СССРнинг парчаланишини XX асрнинг йирик геосиёсий фожиаси деб билади.

2021 йил 1 сентябрь куни Владивостокда мактаб ўқувчилари билан учрашувда ҳам у собиқ Иттифоқнинг парчаланишини мамлакат давлатчилиги тарихидаги фожиа деб атаган.

«Ушбу фожиалар рўй бермаганда (1917 йилги революция ва қизил империянинг парчаланишини назарда тутилмоқда – таҳр.), аҳоли 500 млн атрофида бўлар эди. Фарқни кўряпсизми? Давлатнинг ялпи қудрати геометрик прогрессия тартибида ошар эди», – деган у.

Россия раҳбари СССР борасида аввал ҳам баҳсли баёнотлар берган. Хусусан, 2020 йилда «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильм учун берган интервьюсида СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган. Cиёсий таҳлилчилар бу ўринда В.Путин Украина ва Қозоғистонни назарда тутганини айтган. Россиялик таниқли олим, тарих фанлари доктори Сергей Абашин «Россияга азалдан тегишли бўлган ҳудудлар бошқа давлатларга ўтиб кетгани»га илмий раддия берган.

Кремль соҳибининг 2021 йил 12 июль куни эълон қилинган «Руслар ва украинларнинг тарихан бирлиги ҳақида» деб номланган мақоласи ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Рус ва украин тилида эълон қилинган мақолада муаллиф замонавий Украинанинг ташкил топиши СССР даври маҳсули эканини таъкидлайди. Мақолада, шунингдек, большевиклар чегараларни ўзбилармонлик билан ўзгартириб, Россия ҳудудини бошқаларга туҳфа қилиб юборгани, ҳудудлар талон-торож этилгани даъво қилинади.

C.Cалим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг