БМТ Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини «қора кунлар» кутаётганидан огоҳлантирди

Ғазо сектори бир неча кун ичида буткул электр энергиясиз қолади, деб огоҳлантирмоқда БМТ.
Де-юре Фаластинга қарашли, де-факто Исроил ишғоли ва қамали остида бўлган ҳудудда қарийб 2,3 миллион аҳоли истиқомат қилади.
7 октябрь куни ҲАМАС кучлари ҳамда Исроил армияси ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Ғазодан ракета учирилиши ортидан Исроил ҳудудни ҳарбий авиация билан бомбардимон қила бошлади. Исроил, шунингдек, Ғазога электр энергия, ёнилғи ва бошқа маҳсулотлар етказишни тўхтатди.
Ғазо минтақаси Исроилдан кунига 120 МВт электр энергия сотиб олади. Ҳудуддаги ягона электр станция эса кунлик 60 МВт электр ишлаб чиқаради.
Станция ёнилғи тугаши оқибатида фаолиятини тўхтатмоқда. Блэкаут Ғазодаги кўп сонли тинч аҳоли ҳаётига хавф туғдириши айтилмоқда.
БМТга кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазодаги ҲАМАС объектлари қаторида тураржойларга ҳам бомба ёғдирмоқда. Ҳозирга қадар ҳудуддаги тўртта кўп қаватли тураржой мажмуаси вайрон қилинган. 159 та бино яксон қилинган, 1210 таси жиддий шикастланган.
БМТнинг Озиқ-овқат агентлиги Ғазо ҳудудига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш ҳам қийинлашганини маълум қилган.
«Зиддият кучайиши ортидан тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ва эҳтиёжманд оилаларга асосий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш тобора қийинлашмоқда. Тарқатиш тизими издан чиққан, жанговар ҳаракатлар натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаси жиддий талафот кўрган», – дейилади агентлик баёнотида.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Ғазода ҳарбий ихтилоф кучайгани сабабли 123 минг фаластинлик тураржойини тарк этишга мажбур бўлган.
Қамалдаги Ғазо иқтисодиёти Исроил ва Мисрга ҳамда халқаро гуманитар кўмакка тобе бўлиб қолган. Минтақага юклар қуруқлиқ орқали мазкур икки давлат орқали келтирилади. Осло битимидан кейин ҳудудда порт қурила бошлаган. Аммо 2000 йилда Исроил икки аскари ўлдирилиши ортидан қурилаётган портни яксон қилган. Ғазода 1998 йилда очилган аэропорт ҳам 2001 йилда портлатилган.
Маҳаллий сайловда ҲАМАС ҳаракати ғолиб келгач, Исроил қамални янада кучайтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter