Cўнгги 20 йилда бундай ҳолат кузатилмаганди – БМТ
Исроил аскарлари Ғарбий Соҳилда рейд ўтказмоқда.
2025 йил давомида Фаластиннинг ишғол остидаги ери – Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида исроилликлар томонидан уюштирилган 1800 дан зиёд ҳужум ва зўравонлик ҳаракатлари ҳужжатлаштирилди. БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик бу зўравонликларнинг 2006 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткичи эканини маълум қилди.
БМТ вакилига кўра, исроилликларнинг ҳужумлари оқибатида фаластинликлар ҳалок бўлмоқда, уларнинг мол-мулкига зарар етказилмоқда.
Стефан Дюжаррик исроиллик келгиндиларнинг ноқонуний ҳужумлари ва зўравонлиги оқибатида Ғарбий Соҳилдаги кўплаб фаластинлик оилалар уй-жойини тарк этишга мажбур бўлганини қайд этиб, БМТга аъзо давлатларни тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ҳаракатга ундаган.
Anadolu агентлиги Исроил матбуотига таяниб келтирган рақамлар ҳам ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда зўравонлик кучайиб бораётганидан далолат беради.
Хусусан, Исроилнинг Haaretz газетаси 2025 йилда Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши ҳужумлар 25 фоизга ортгани ҳақида ёзди. Ноқонуний ҳаракатлар, айниқса, 2023 йил октябрь ойида Ғазода уруш бошлангач янада кучайган.
Хавотирли жиҳати, эндиликда ҳужумлар муайян шахслар томонидан эмас, балки ўнг қанот сиёсатчилар дастаклайдиган уюшган гуруҳлар томонидан амалга оширилмоқда.
Сўнгги вақтларда Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатлари кучаяётгани, келгинди аҳоли фаластинликлар тегишли уй ва автомобилларга ўт қўяётгани ҳақида хавотирли хабарлар ортган.
Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти таҳлилларига кўра, сўнгги икки йил ичида Исроил ҳарбийлари томонидан Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортган. Икки йилда ўлдирилган болалар сони 18 йил давомида ўлдирилганлар сонига тенгдир.
Ғарб давлатлари Исроилдан ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилиб келмоқда.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади. Ҳозирга қадар мазкур ҳудудда 160 та манзилгоҳ қурилган ва 700 минг нафар яҳудий аҳолиси жойлаштирилган. Тель-Авив ҳукумати халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Ғарбий Соҳилда ноқонуний манзилгоҳларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Маълумот ўрнида: Исроил парламенти 2025 йил июль ойида Ғарбий Соҳил “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилган ҳолда, ҳудудни қўшиб олиш ҳақида ҳужжат қабул қилган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter