Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрдўғон мусулмонлар жаҳонга устозлик қилган даврни эслатди

Эрдўғон мусулмонлар жаҳонга устозлик қилган даврни эслатди

Илм-фан ва технологиялар замонавий тараққиётнинг асосий калити ҳисобланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон TÜBA ва TÜBİTAK илмий мукофотларини топшириш маросимидаги нутқида гапирди.

«Илм-фаннинг тамал хусусияти бу унинг ворисийлиги ва универсаллигида намоён бўлади. Дунёнинг турли қисмларида инкишоф этилган илмий билимлар қиёс ва ўзаро робита воситасида тараққий қилади, янгиланади. Биз астрономиядан тиббиётга қадар, математикадан меъморчиликка қадар – инсоният тараққиётига бемисл ҳисса қўшган тамаддун мансуби ва давомчиларимиз», – деди Туркия раҳбари.

Эрдўғон туркийлар қўлга киритган илмий ютуқлар минг йиллик илдизларга бориб тақалишини таъкидлади.

«Масалан, астрономия соҳасидаги изланишларимиз ўз давридан ўзиб кетган устурлоб, тақвим, сув соати ва бошқа асбоб-ускуналарга таянган эди. Ғарбда очилган илк университетлар бизнинг таълим услубларимиз ва ўқув дастурларимиздан улги олган ҳолда фаолият бошлаган эди. Алломаларимиз, маданият ва санъат намояндаларимиз асрлар мобайнида нафақат бу заминга, балки Ғарбга ҳамда бутун инсониятга нодир илмий-ижодий асарларни тортиқ этиб келди. Табибларимиз, олимларимиз, мутафаккирларимиз, меъморларимиз, шоирларимиз, мухтасар айтганда, тафаккур ва кўнгил дунёмизни бойитган юзларча, мингларча ақл соҳиблари бугунги тамаддуннинг тамал тошини қўйгандир», – деди сиёсатчи.

Эрдўғон бугунги авлод шонли ўтмиш билан фахрланиш билан чекланмай, порлоқ келажак барпо этиш йўлида жидди жаҳд қилиши кераклигини ҳам урғулаган.

Туркия айни шу ҳаётий заруратга кўра илм-фанни тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қайд этилишича, сўнгги 23 йил мобайнида биргина TÜBİTAK дастурлари доирасида 36 мингдан зиёд лойиҳа учун 153 миллиард лира ажратилган. Ушбу муддат мобайнида 415 119 нафар олимга  46,6 миллиард лира кўмак кўрсатилган. Хусусий сектордаги 28 493 та лойиҳага 134 миллиард лира йўналтирилган.

Маълумот ўрнида: Туркия президенти анъанавий равишда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Али Қушчи каби алломаларни ҳам эҳтиром билан ёдга олиб келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг