Эрон Исроилга ҳужум уюштирди. Энди уруш бошланадими?..
Эрон Исроилга ҳужум уюштирди. Энди уруш бошланадими?..
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига дрон ва ракеталар орқали ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган эдик.
“The New York Times” газетасига кўра, Теҳрондан яҳудий давлати томон 185 та дрон, 36 та қанотли ракета ва 110 та “ер-ер” типидаги ракета учирилган. Ғазо секторида олти ойдан буён давом этаётган хунрезлик бутун Яқин Шарқда вазиятни кескинлаштиргани маълум. Эндиликда Эрон ҳамда Исроил ўртасида бевосита қуролли зиддият юзага келмоқда. Хўш, Исроил ҳудудига ракеталар орқали ҳужум қилингани икки ашаддий рақиб мамлакат ўртасида уруш бошланганини англатадими?
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жорий йил 1 апрель куни Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштириб, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда дипломатик ваколатхоналар дахлсизлиги принцини қўпол равишда бузган эди. Ҳужум оқибатида икки нафар эронлик генерал, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Сурия ва Ливан кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳамда элчихонанинг 5 нафар ходими ҳалок бўлди.
Эронга уруш керакми?
Гарчи халқаро ҳамжамият катта хавотир билан кузатган бўлса-да, Эроннинг Исроилга ҳужуми рамзий маъно касб этди. Расмий Теҳрон катта эҳтимол билан атайин Исроилнинг ҳужумларга тайёргарлик кўриши учун вақт берди. 1 апрелдан кейин ўтган икки ҳафтага яқин вақт давомида Исроил эҳтимолий ҳужум учун пухта ҳозирлик кўрди. Яҳудий давлатининг яқин иттифоқчилари АҚШ, Буюк Британия ҳамда Франция Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаво кучларини шай ҳолатга келтиришга улгурди. АҚШ “USS Dwight Eisenhower” атом авианосецини ҳам Исроил учун кўмакка йўллади. Ушбу авианосец юзга яқин самолёт ва вертолётлар ҳамда замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган.
Араб таҳлилчилари ҳам Эроннинг Исроилга ҳужуми АҚШ билан келишилган ҳолда амалга оширилди деган фикрда.
Кутилгандек Эрондан Исроил томон йўлланган ва Ироқ, Иордания каби давлатлар оша бир неча соат давомида учган юзлаб дрон ҳамда ракеталар яҳудий давлатига деярли ҳеч қандай талафот етказмади. Исроил мудофаа вазирлиги дрон ва ракеталарнинг 99 фоизи тутиб қолинганини маълум қилди. Эрон учирган дрон ва ракеталарнинг деярли ҳаммаси Исроил ҳаво ҳудудига кирмасдан, АҚШ, Буюк Британия ҳамда Иордания ҳарбий кучлари томонидан уриб туширилган. Катта шов-шув уйғотган ҳаво ҳужуми якунида Исроил ҳарбий базаси бироз шикастланган ва 10 ёшли қиз жароҳатланган, холос. Буларнинг бари Эрон халқаро ҳуқуқ қоидаларини очиқ поймол этган Исроилга номига жавоб берганини англатади. Буни қўрқоқлик деб баҳолаш тўғри эмас. Шунчаки ҳозирги вазиятда Эрон Исроил билан очиқ ҳарбий можарога боришни, образли қилиб айтганда, кўра-била туриб ўзини жарга отишни истамайди. Чунки яҳудий давлати ортида АҚШ бошчилигидаги қудратли Ғарб давлатлари тургани кундек равшан.
“Масала ёпилди дейиш мумкин”, дейилади Эроннинг БМТдаги ваколатхонаси томонидан берилган сўнгги баёнотда. Демак, Теҳрон Тель-Авивга “Бу ёғига ўйлаб қадам ташла, ҳозирча сен билан урушиш ниятим йўқ”, дея мужда йўлламоқда.
Исроилнинг иттифоқчилари қандай позицияда?
АҚШ Исроил ҳарбийлари ўзбошимчалик билан Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берганидан буён икки ўртада уруш чиқиб кетмаслиги учун дипломатик чоралар кўриб келмоқда. Ҳозирги вазиятда Эрон ва Исроил ўртасида қуролли ихтилоф рўй бериши президент Жо Байден маъмурияти манфаатларига тўғри келмайди. Байден маъмурияти азбаройи Эронга хайрихоҳлик важидан эмас, балки яқинлашиб келаётган президентлик сайловини эсон-омон ўтказиб олиш учунгина Яқин Шарқдаги хос иттифоқчиси урушга киришини истамайди. Негаки, минтақада отилган тўп овози АҚШда ҳам кучли акс садо бериши сир эмас. Яқин Шарқдаги уруш сабаб биргина нефть ва пировардида бензин нархининг ошиб кетиши АҚШлик сайловчиларга хуш келмаслиги аниқ.
Бинобарин, АҚШ айни пайтда Исроилга Эрон ҳужумларига жавоб қайтармасликни уқтирмоқда.
CNN ва Axios нашрлари Оқ уйдаги манбаларига таяниб хабар беришича, президент Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга Эроннинг ҳужуми муваффақиятсиз чиққани, шунга кўра буни ғалаба деб ҳисоблаш кераклигини айтган. Байден яҳудий давлати бошлиғига АҚШ Эронга қарши ҳужум амалиётларида иштирок этмаслигини ҳам маълум қилган. “Иттифоқчисини ҳимоя қилиш аҳдида собит” Байден, айни чоқда, у Эронга қарши жавоб чоралари кўрмаслиги керак деб ҳисоблайди. Чунки Исроилнинг Эронга жавоб қайтариши АҚШнинг ҳам урушга тортилишини англатади.
Исроилнинг Европадаги иттифоқчилари (Буюк Британия, Франция, Германия) ҳам Эрон каби қудратли минтақавий давлат билан очиқ қуролли ихтилофга боришни истамайди. Айни вақтда европаликлар учун Украина ҳудудига ёввойиларча бостириб кирган Россиянинг танобини тортиб қўйиш муҳимроқ.
Урушдан манфаатдор ягона томон
Эрон билан очиқ қуролли зиддиятдан ягона манфаатдор сиёсатчи бу – Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг урушқоқ кайфиятдаги маъмуриятидир. Таҳлилчиларга кўра, Дамашқдаги консулликка ҳужум қилиш орқали Тель-Авив маъмурияти Теҳронни очиқ ҳарбий ҳаракатларга мажбурлади.
Ғазо секторидаги хунрезлик, 6 ойдан буён гаровда қолаётган исроилликларни озод қила олмаслик, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар, қолаверса, коррупция, авторитаризм билан боғлиқ айбловлар сабаб яҳудий жамоатчилигининг Нетаняҳуга қарши кайфияти кучаймоқда. Тобора кўп сонли аҳоли Нетаняҳу истеъфога чиқиши кераклигини талаб қилмоқда. Аксар таҳлилчилар таъкидлаётганидек, бундай вазиятда Нетаняҳу учун ўз сиёсий умрини узайтиришнинг мақбул йўли Эрон каби қудратли давлат, азалий рақиб билан урушга киришдир.
Ракета ҳужумлари бошланиши билан Нетаняҳу халққа мурожаат билан чиқиб, Исроил Эрон томонидан тўғридан-тўғри зарбаларга ҳам мудофаа, ҳам ҳужум жабҳаларида шайлиги ва унга жавоб қайтаришини маълум қилди. Гарчи жиддий талафот кўрмаган бўлса-да, Исроил ҳукумати Эронга қарши “аниқ ва қатъий жавоб” бермоқчи. Бу эса Нетаняҳу маъмуриятининг асл мақсад Эронни урушга тортиш экани ҳақидаги тахминни тасдиқлаётгандек.
Вашингтон Тель-Авивни Теҳрон билан очиқ урушга олиб келадиган қадамлардан тийилишга чақириши табиий. Аммо сиёсатшунослар Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш вақт масаласи эканини айтади. Негаки, Исроил Эронга нисбатан провокацион ҳаракатлар билан аллақачон “жинни кўзадан чиқариб” бўлган.
2023 йил 29 январга ўтар кечаси Исроил Эрондаги ҳарбий инфратузилма объектларини бомбалади.
2021 йил апрель ойида Эроннинг Натанз шаҳрида жойлашган ядро иншоотида портлаш содир бўлди. Оқибатда уранни бойитиш дастури жиддий зиён кўрди. Натанз иншоотини тиклаш учун камида тўққиз ой вақт керак бўлиши айтилган. “The New York Times” портлаш Исроил томонидан амалга оширилган деган хулосага келган.
2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон яқинида Эрон ядро дастурининг раҳбари Муҳсин Фахризода ўлдирилди. “Эрон ядро соҳасининг отаси” дея таърифланган олимнинг ўз ватанида ўлдирилиши расмий Теҳронни дарғазаб қилди. Кейинроқ ушбу қотиллик ҳам Исроил махсус хизмати томонидан амалга оширилгани юзага чиқди.
Тель-Авив расмийлари Эронга қарши уюштирилган операцияларни очиқ тан олмайди. Аммо Исроил разведкаси – “Моссад”нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн 2021 йилда ОАВга берган интервьюсида жосуслик хизмати томонидан сўнгги йилларда Эронга қарши амалга оширилган диверсион операциялар ҳақида илк бор очиқ гапирган эди. У Исроил махсус хизматининг Муҳсин Фахризоданинг ўлимига алоқадор эканини на тан олган, на рад этган. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён “Моссад”нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган. Йоси Коэн Натанз ядро объектида рўй берган аварияга ҳам Исроилнинг алоқадор эканига ишора қилган.
Яширин уруш тобора ошкора тус олмоқда. Икки давлат ўртасида росмона муҳораба рўй бергудек бўлса, нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунё учун жиддий хатар юзага келиши шубҳасиз.
C.Cалим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter