Эрон Россияга махфий равишда қимматли юк ортилган икки кема юборди

Эрон Россияга Украина урушида қўллаш учун махфий равишда миллионлаб ўқ-дори ва снаряд жўнатди.
Sky News телеканали ўз манбаларига таяниб хабар беришича, жорий йил 10 январь куни Эрон портидан Россия байроғи остида ҳаракатланаётган «Мусо Жалил» ва «Бегей» номли юк кемалари йўлга тушган. 12 январь куни кемалар Туркманистон портига кирган, сўнг Каспий денгизини кесиб ўтган ҳолда, 27 январь куни Астрахан портида лангар ташлаган.
Икки кемага қарийб 100 миллион дона турли ҳажмдаги патронлар, 300 минг та снаряд ва 10 мингга яқин зирҳли нимча ва дубулғалар ортилгани, Москва аслаҳа ва ўқ-дори учун Теҳронга нақд пул тўлагани айтилмоқда.
Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Вадим Пристайко Эрон Россияга ўқ-дори етказиб берганидан ҳайратга тушмаганини билдирган. У Теҳроннинг ҳарбий дастаги ортишини тахмин қилгани ҳолда, Эрон раҳбариятини «тарихнинг ёлғони» тарафида бўлмасликка чақирган.
Россия Украинага қарши урушда Эрон аслаҳалари, хусусан, жанговар дронлардан фаол равишда фойдаланаётгани хабар қилинган. Хусусан, The Guardian газетаси жорий йил февраль ойида катта радиусда парвоз қилувчи «Мужоҳир-6», «Шаҳид-191», «Шаҳид-129» каби дронлар етказиб берилгани ҳақида ёзган эди.
Аввалроқ Россия камикадзе дронлар учун Эронга 140 миллион евро нақд пул тўлагани, шунингдек, уруш вақтида қўлга киритилган Ғарб қуроллари намуналарини бергани хабар қилинганди.
Ғарб матбуотига кўра, Москва ва Теҳрон Россия ҳудудида Эрон дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида музокара ҳам олиб бормоқда. Теҳрон маъмурияти Украинага босқин уюштирган давлатга «Фотиҳ-110» ва «Зулфиқор» каби 300 ва 700 километрга парвоз қилувчи баллистик ракеталар етказишни режалаштираётгани хусусида ҳам хабарлар бор.
Эрон Россияга Украина урушида кўмак учун жанговар дронлар етказилаётганини рад этиб келади. Расмий Теҳронга кўра, Москвага худкуш дронлар Украина уруши бошлангунга қадар етказилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter