Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўлим ёқасида – сиёсатшунос
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) клиник ўлим ҳолатида, деб ҳисоблайди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
«Клиник ўлим – ҳаёт ва биологик ўлим ўртасидаги ҳолат бўлиб, организмда ҳаётийлик элементлари кўринмайди, ташқаридан қараганда яшаш учун мужда мавжуд бўлмайди», – деб ёзади сиёсатшунос.
Таҳлилчи ўз фаразини асослаш учун иқтисодий бирлашма ҳудудида сўнгги бир неча ой давомида рўй берган сиёсий «зилзила»ларга эътибор қаратади.
Ёдингизда бўлса, президент Владимир Путин бир неча ой муқаддам «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильм учун берган интервьюсида СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди. «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» қабилида гапирган В.Путин ўшанда Қозоғистон ва Украинани назарда тутгани қайд этилган эди.
К.Раббимовга кўра, ЕОИИда бош давлат мақомига эга Россия мазкур иттифоқ аъзоси Қозоғистонни улкан рус ерларини олиб чиқиб кетишда айблар экан, икки давлат дўст ва иттифоқчи эмас, сиёсий мухолиф ва потенциал душманлар эканига ишора қилди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда Россия ва Беларусь ўртасида муносабатлар таранглашгани ҳам ЕОИИ қуёшининг ботишидан далолат бермоқда.
«Беларусь президенти Александр Лукашенко сайловолди дастурий чиқишида Россияга тегишли «Вагнер» ҳарбий-хусусий кампанияси солдатларини «атайлаб Белоруссияда давлат тўнтариши, беқарорлик қилиш учун келган» деган даъвони алоҳида урғулади. Бу билан, ЕОИИ аъзо бўлган Беларусь давлати, Россияни «террорист давлат» мақомига қўйди ва икки тарафлама муносабатларни «дўстона ва биродарлик алоқалари»дан «партнерлик алоқалари»га туширди», – деб ёзади К.Раббимов.
Сиёсатшуносга кўра, ЕОИИда бир йил олдинги легитимлик, гравитация ва аъзо давлатлар орасидаги консенсус бугун мавжуд эмас.
«Россиянинг, Қозоғистон ва Белоруссия билан ўткир зиддиятлари бўлатуриб, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилишга қаратилган босимлар тизимини парваришлаб бориши – маъносиз. Демак, кейинги йилларда Ўзбекистонга шимолдан эътибор ва босимлар, асосан, икки томонлама муносабатларни парваришлашга қаратилган бўлади, лекин кўпформатли алоқаларни эмас. Бир йил олдин Ўзбекистон элитаси ва жамиятини пароканда қилган ЕОИИга аъзолик масаласи, бугунга келиб, ўз-ўзидан маъносини, жозибасини ва истиқболини йўқотди», – деб хулоса қилади сиёсатшунос К.Раббимов.
ЕОИИ Россиянинг империя даъволарини рўёбга чиқариш йўлида ташкил этилган, собиқ СССРни тиклашга қаратилган халқаро лойиҳаси деган қараш мавжуд. Сўнгги пайтларда шу руҳдаги эътирозлар баралла янграмоқда.
Кремль назоратидаги расмий матбуот ЕОИИни бўлинмас ва якдил бирлашма дея тамсил этишга ҳарчанд уринмасин, иттифоқ ичида зиддиятлар бисёр.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев жорий йил 19 май куни ЕОИИга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг онлайн-саммитида миллий суверенитет масаласини кўтарди.
Халқаро тузилманинг 2025 йилга қадар ривожланиш стратегияси хусусида фикр билдирар экан, президент Тўқаев ЕОИИ доирасидаги интеграция аъзо мамлакатлар суверенитетига дахл қилмаслиги лозимлигини таъкидлади. Қозоғистон раҳбарига кўра, интеграция йўлидаги саъй-ҳаракатлар энг аввало миллий-ҳуқуқий тизимлар устуворлигига таяниши лозим. Акс ҳолда, бу жараён миллий ҳукумат ва парламентларнинг суверен ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келади.
Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам кўпдан бери ЕОИИ доирасидаги нотенг муносабатдан ёзғириб келади.
«ЕОИИдан кўп нарса кутаётганим йўқ. Сергакликка ундовчи ҳолатлар бисёр, зиддиятлар бир олам ва тоқат қилиб бўлмайдигани – ЕОИИ тобора сиёсийлашиб бормоқда», – деган эди А.Лукашенко журналистлар билан учрашувда.
Қирғизистон ҳам ЕОИИ доирасида жорий этилган турли чекловлардан мамнун эмас. Мамлакат парламенти депутатлари орасида иттифоқ доирасидаги барча битимлар ижросини тўхтатиб туриш тарафдорлари ҳам талайгина.
ЕОИИнинг яна бир аъзоси Арманистон эса Москва томонидан таклиф этилаётган газ нарх-навосидан норози.
ЕОИИнинг келажагига шубҳа билан қараётган зиёлилар орасида мамлакат парламенти депутатлари ҳам бор. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий келишмовчиликлар авж олааётган, тузилма ичидаги вазият таранглашаётган ҳозирги шароитда ЕОИИ МДҲ каби аҳамиятсиз ташкилотга айланиб қолишини тахмин қилади.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Абдураҳим Эркаев ва Хуршид Фозилов эса миллий ҳукуматларнинг сиёсий ваколатлари чекланишидан огоҳлантиради.
«Чуқур интеграциялашган иқтисодий иттифоқлар эртами-кечми сиёсат соҳасида ҳам миллий давлат тузилмаларидан устун умумий меъёрлар чиқарувчи ва амалга оширувчи тузилмаларга эҳтиёж сезади. Миллий ҳукуматларнинг сиёсий ваколатлари, сиёсий иродаси чеклана бошлайди. Хусусан, иқтисодий суверенитет ўта заифлашади», – деб ёзади сенаторлар.
Эслатиб ўтамиз, ЕОИИ 2015 йилда Россия томонидан Беларусь ҳамда Қозоғистон иштирокида таъсис этилган. Кўп ўтмай Арманистон ва Қирғизистон ҳам иттифоққа қўшилди ва аъзолар сони бештага етди. Ўзбекистон ҳамда Молдова айни пайтда кузатувчи мақомида.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter