Европа иттифоқи Россияга жиддий санкцияларни қўллайди
Европа иттифоқи АҚШ ва Канаданинг қўллаб-қувватлаши остида Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди.
Унга кўра, халқаро санкцияларга тушган Россия банклари SWIFT тизимидан узилади, заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин.
Буюк Британия бош вазирининг айтишича, рус банкларини SWIFT тизимидан узиш бу илк қадам холос. Россияни жаҳон молия тизимидан узиш бўйича яна қўшимча қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, рубль мавқеини ушлаб туришни чеклаш мақсадида Россия Марказий банкининг активлари музлатилади.
Swift'дан узилиш нима дегани?
Россиянинг Украинани босиб олиши ортидан Россияни Swift'дан узиш масаласи кўтарилди. Swift нима ўзи? Унинг аҳамияти қанчалик юқори?
Swift дунё бўйича 11 мингдан ортиқ молиявий институтларни бирлаштирувчи ахборот алмашиш тизими ҳисобланади. Белгияда жойлашган ва Европа иттифоқи қонуни бўйича фаолият юритади.
Алоҳида айтиш керакки, Swift тўлов тизими эмас, балки ахборот алмашиш воситаси. Оддийроқ айтганда, ўз аъзоларига хабарлар юбориш имконини берувчи чат ёки Телеграмдаги катта бир гуруҳга ўхшатиш мумкин.
Унинг кўлами шу даражада каттаки, мазкур коммуникация ёрдамида кунига миллиардлаб давлатлараро транзакциялар амалга оширилади.
Swift'дан у ёки бу давлатни узиш одатда АҚШ ёки Европа давлатлари ўзининг душманларини қаттиқроқ жазоламоқчи бўлган пайт кўтарилади.
Аслида сиёсий бўлмаган бу тизим шунинг учун ҳам кўп танқидга учрайди. Яъни, бу тизим ғарб манфаатларига ён босади деб қаралади.
Россия қанчалик бу тизимга боғлиқ?
Swift аҳамияти шундаки, бу тизим Россиянинг 30 фоиз экспортини ташкил этувчи нефт маҳсулотлари учун тўловларни келиб тушишини таъминлайди.
Ҳисоб китобларга кўра, Swift'га уланган Россия 291 аъзосининг пул оқимлари жами пул оқимларининг 1,5 фоизини ташкил этади. Мазкур тизимда юборилувчи хабарлар сони бўйича Россия дунёда 6-ўринда туради.
Бу жуда катта рақам – Россиянинг йиллик ўтказма ҳажми 800 млрд долларга етиши мумкин. Бу Россия Ялпи ички маҳсулотининг ярмидан бироз кўп дегани.
Swift муқобили мавжудми?
Назарий жиҳатдан – ҳа бор. Бироқ агар тез, ишончли ва осон пул ўтказишни хоҳласанг, унда йўқ.
Нима учун бошқа шундай тизимда бунинг имкони паст? Бу АҚШ долларининг кучи билан боғлиқ.
Глобал тўловларнинг ярми, халқаро савдонинг 90 фоизи АҚШ долларида амалга оширилади. Swift орқали юборилган хабар бўйича доллардаги тўловлари одатда бир-бири билан ўзаро ҳисобрақамга эга бўлмаган банклар ўртасида амалга оширилади. Бунинг учун одатда АҚШ тўлов тизимига уланган маълум бир корреспондент банк иштирок этади.
Юқоридан кўринадики, АҚШ билвосита бўлса ҳам давлатлар ўртасидаги тўловларни амалга ошишига таъсир кўрсата олади. Swift'сиз ҳам АҚШ аллақачон йирик Россия банкларини АҚШ молия тизимидан узишга улгурди ва Россия учун экспорт масаласини анча қийинлаштирди.
Шундай бўлса-да айрим лазейкалар, айниқса асосан долларда ҳисоб-китоб қилинувчи энергия маҳсулотлари экспорти учун сақланиб қолган.
Газ бўйича Европа давлатларининг Россияга юқори боғлиқлиги туфайли унинг айрим аъзолари (Германия) энергия учун тўловларни тўхтатишга қаршилик қилишаётганди. Бошқача айтганда, жорий қилинган санкциялар санкция қилиш учун мақсад қилинмаганди.
Аммо вазият жуда жиддийлашиши ортидан ва халқаро босим остида Германия ҳам Италия ҳам Россияни Swift'дан узишга қаршилик қилмаслигини маълум қилишмоқда.
Россиянинг Swift'дан узилиши Россиянинг экспорт компаниялари учун тўлов қилишни деярли имконсиз қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter