Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россияга жангда эришолмаган натижаларини музокара столида тақдим этиш хавфли – Кая Каллас

Россияга жангда эришолмаган натижаларини музокара столида тақдим этиш хавфли – Кая Каллас

Мюнхен хавфсизлик конференциясида асосий мавзулардан бири Россия–Украина уруши бўлди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас Европа хавфсизлиги Украина тақдири билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. У Россияга музокара столида жанг майдонида эриша олмаган натижаларни тақдим этиш хавфли эканини билдирди.

Унинг фикрича, Россия супердержава эмас, балки заифлашган давлат. Энг катта хавф – музокара жараёнида Москвага ортиқча имтиёзлар берилиши. Шу боис Европа Россия қуролли кучларини чеклаш, Украинага етказилган зарарни қоплаш ва ҳарбий жиноятлар учун жавобгарлик масаласини илгари суриши керак.

Мюнхендаги муҳокамаларда Европа давлатлари «қадимги қитъа» ўз мудофаа тизимини мустақил равишда мустаҳкамлаши кераклигини таъкидлади. Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Бенжамин Ҳаддад Европа диққатини АҚШ баёнотларига эмас, балки ўз ҳарбий салоҳиятини оширишга қаратиши лозимлигини айтди.

Бу позиция Европа–АҚШ муносабатларида янги босқич бошланаётганини кўрсатади. Европа Вашингтон билан ҳамкорликни сақлаб қолган ҳолда, стратегик автономияни кучайтиришга интилмоқда.

Каллас АҚШ томонидан Европа цензура йўлидан бораётгани ҳақидаги танқидларга ҳам жавоб қайтарди. У матбуот эркинлиги индексида Европа Иттифоқи юқори ўринларни эгаллашини эслатиб, танқидларни сиёсий баёнот сифатида баҳолади.

Шу билан бирга, у Европа ҳали ҳам кўплаб давлатлар учун жозибадор интеграцион лойиҳа эканини таъкидлади. Украина ва Ғарбий Балқон давлатларининг ЕИга қўшилиш истаги бунинг яққол далили сифатида келтирилди.

Бир сўз билан айтганда, Мюнхендаги баҳслар Европа ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сақланиб қолаётганини, бироқ қарашлар фарқи кенгаяётганини кўрсатди. Европа ўзини таназзулга учраётган ҳудуд эмас, балки барқарор ва жозибадор сиёсий лойиҳа сифатида кўрмоқда. Шу билан бирга, Украина уруши ва Россия омили Европа хавфсизлик сиёсатида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Трансатлантик муносабатлар келгусида ҳам давом этади, аммо Европа тобора кўпроқ стратегик мустақилликка интилаётгани аниқ кўринмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг