Европа Иттифоқи Украинага яна 5 миллиард евро кўмак ажратди
Европа Иттифоқи кенгаши Украинага яна 5 миллиард евро молиявий кўмак ажратишга қарор қилди. Бу – 9 миллиард евролик кўмакнинг бир қисми ҳисобланади.
ЕИ мамлакатлари молия вазирлари 9 сентябрь куни Киевга моддий кўмак кўрсатишга келишиб олган эди. Макромолиявий кўмак шартлари истисно тариқасида тезкор тартибда кўриб чиқилган.
5 миллиард евро маблағ Украинанинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида сарфланади. Шу тариқа мамлакатнинг молиявий мажбуриятларини бажариш, давлат қарзларини узиш қобилияти оширилади. Кўмак маблағи имтиёзли тартибдаги узоқ муддатли кредит шаклида ажратилади.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил август ойида ҳам ЕИ Украинага 1 миллиард евро миқдорида макромолиявий кўмак кўрсатган эди.
ЕИ, бундан ташқари, гуманитар кўмак, тараққиёт ва мудофаага ёрдам, божхона имтиёзлари орқали ҳам Украина халқини дастаклаб келмоқда.
Брюссель учинчи босқичда Киевга яна 3 миллиард евро миқдорида кўмак ажратиши кутилмоқда.
Ўтган ҳафта, 15 сентябрь куни Киевга ташриф буюрган Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Украинага қанча зарур бўлса, шунча вақт кўмак кўрсатилишини таъкидлаган эди. Уруш бошланганидан буён Украинага учинчи марта сафар қилган Еврокомиссия раҳбари қурол-аслаҳа борасидаги кўмак давом эттирилишига ҳам ваъда берган.
Жорий йил 28 февраль куни президент Владимир Зеленский ЕИ раҳбариятига мурожаат қилиб, Украинани «Европа уйи»га махсус тартибга кўра тезроқ қабул қилишни сўраганди. «Биз Украинани Европа оиласида кўришни истаймиз», – деган эди Еврокомиссия раҳбари Euronews телеканалига берган интервьюсида.
Киевга сўнгги ташриф пайтида ҳам Урсула фон дер Ляйен Украина ЕИга аъзо бўлиш йўлида тезкор ва қатъий ҳаракат қилаётганини эътироф этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter