Илҳом Алиев “таҳрирланган” топонимлар масаласига эътибор қаратди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев илмий ва халқаро жамоатчилик эътиборини тарихий топонимлар замонавий хариталарда ўзгартириб юборилганига қаратди.
“XX аср бошида чор Русияси чоп этган хариталарга қарашнинг ўзи кифоя: ҳар бир одам ҳозирги Арманистон ҳудудидаги аксар топонимлар озарбайжонча илдизга эга эканига ишонч ҳосил қилади. Ўша хариталарда Севан деган кўл йўқ, аммо Гёйча (Göyçə) кўли бор. Уларда биз фойдаланаётган яна бошқа тарихий топонимларни ҳам кўриш мумкин. У хариталарни биз тузмаганмиз, демак, биров бизни сохтакорликда айблай олмайди. Ўша хариталар чор Русияси томонидан тузилган. Эрон ва Шарқий Онадўлидаги арманларни аҳолининг этник ва диний таркибини ўзгартириш мақсадида бизнинг Қорабоғ заминимизга кўчирган ўша чор Русияси томонидан”, – деган Илҳом Алиев Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган анжуманда.
Сиёсатчи ҳозирда 50 миллиондан зиёд кишининг она тили ҳисобланган озарбайжон тилининг софлигини сақлаш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
“Давлат идоралари, олимлар, тилшунослар, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, сиёсат билан шуғулланаётган барча бу масалага жиддий эътибор қаратиши керак”, – деб таъкидлаган И.Алиев.

Маълумот ўрнида: Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган анжуманда хорижлик меҳмонлар қаторида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов ҳам қатнашган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter