Испанияда июн жазирамаси туфайли камида 900 киши вафот этди
2026 йил июн ойида Испанияда кузатилган кучли иссиқлар оқибатида камида 900 киши вафот этди. Бу ҳақда мамлакат ССВ кунлик ўлим ҳолатларини мониторинг қилиш тизими дастлабки маълумотларига асосланиб, Pais нашри хабар берди.
Нашр қайд этишича, 2026 йил июни Испанияда 1961 йилдан буён олиб борилаётган метеорологик кузатувлар тарихида энг иссиқ иккинчи июн бўлди. Давлат метеорология агентлиги (AEMET) ўтган ойни «ўта иссиқ» деб баҳолаган. Кузатувлар тарихида энг иссиқ июн эса 2025 йилда қайд этилган.
Маълум қилинишича, жорий йил июн ойида юқори ҳароратлар туфайли вафот этганларнинг 623 нафари аномал иссиқлар ҳукм сурган бир ҳафта давомида ҳаётдан кўз юмган.
Қолаверса, 2026 йил июн ойи иссиқ ҳаво билан боғлиқ ўлимлар сони бўйича ҳам иккинчи ўринни эгаллади. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич 2017 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 1 минг киши жазирама иссиқ қурбони бўлган. Бу каби кузатувлар 2015 йилдан буён юритиб келинмоқда.
Июн ойининг ўрталарида Европанинг қатор давлатларида аномал иссиқлар кузатилди. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражага яқинлашди, баъзи жойларда эса бундан ҳам ошиб кетди. Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Италияда энг юқори — қизил даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинди.
France 24 телеканали Европада аномал юқори ҳароратлар туфайли камида 94 миллион киши экстремал иссиқ таъсирига дуч келиши мумкинлигини хабар қилган.
Аввалроқ «Кўҳна қитъа»да бир ҳафтада жазирама оқибатида 1300 дан ортиқ инсон вафот этгани ҳамда «Индамас ва кўринмас қотил» европаликларни даҳшатга солаётгани ҳақида ёзгандик.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter