Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроилни қуроллантираётган асосий давлат очиқланди

Исроилни қуроллантираётган асосий давлат очиқланди

Фото: AFP/Getty Images

Ғазода қирғинбарот уруш бошланган 7 октябрдан буён АҚШ Исроилга 230 та юк учоғи ва 20 та кемада қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳарбий техника юборди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги Исроилнинг Yediot Ahronoth нашрига таяниб хабар берди.

Экспертлар яҳудий давлати армияси Ғазода жуда катта миқдорда бомба ва ўқ-дори харжлаётанини айтмоқда. Таҳлилларга қараганда, Ғазо секторининг шимолида етти ҳафта давомида вайрон бўлган бинолар сони Ҳалабда (Сурия) уч йил давомида вайрон бўлган бинолардан бир неча баробар кўпдир.

БМТнинг ҳарбий жиноятлар бўйича собиқ терговчиси Марк Гарласко фикрича, Ғазога ташланган бомба кўлами олдида Вьетнам уруши оқибатлари ҳолва бўлиб қолади. 

Аввалроқ Исроил молия вазирлиги Ғазодаги уруш учун кунига 1 миллиард шекель (қарийб 246 миллион доллар) сарфланаётгани маълум қилган эди.   

Исроил армияси АҚШ етказиб берган ўқ-дори ва аслаҳалар билан бўшаб қолган захирасини тўлдиришга муваффақ бўлган.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода олиб бораётган урушида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 21 мингга яқинлашиб қолди. Тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар ва аёллар ўлими ошиб бораётган бир паллада Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси саналган АҚШда ҳам Тель-Авивни қуроллантиришни бас қилиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.

Октябрь ойида АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Полга кўра, Исроилга ошиғич равишда қирғин қуроллари берилиши адолатсиз қарор бўлиб, бу АҚШ олий деб билган қадриятларга ҳам зид саналади.

АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этаётгани, президент Жо Байден эса бу хунрезликларга шерик эканини айтган.

Вашингтон Тель-Авивга ўнлаб учоқ ва кемаларда қурол-аслаҳа юбориш билан чекланмоқчи эмас. Оқ уй Исроилга 14,3 миллиард доллар миқдорида навбатдаги молиявий ёрдамни ҳам йўлламоқчи.

Қўшма Штатлардаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс кўп миллиардлик кўмак беришдан аввал Исроил зиммасига тинч аҳоли ўлимини камайтириш борасида мажбурият юклашни талаб қилган.

Аввалроқ дунёнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Буюк Британиядан ҳам Исроилга қурол сотишни тўхтатишни талаб қилганди. Уларга кўра, Лондон Тель-Авивга тақдим этаётган ҳарбий техника халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол равишда бузилиши ва ҳарбий жиноятларга хизмат қилиши мумкин. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг