Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроилнинг БМТга аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклиф этилди

Исроилнинг БМТга аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклиф этилди

БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе Исроилнинг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиқди. 

Махсус вакилга кўра, айни пайтда нафақат Ғазода, балки Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликлар зўравонлик қурбони бўлмоқда. Фаластин ерларида кузатилаётган ҳолат эса этник тозалаш ва айирмачилик сиёсати деб баҳоланмоқда.

«Халқаро ҳуқуқни бузишни бас қилиб, оккупацияни тўхтатмагунча қадар  Исроилнинг БМТдаги аъзолигини қайта кўриб чиқиш ёки муваққат равишда тўхтатиб туришни тавсия қиламан», – деди Ф.Альбанезе.

Таъкидланишича, Исроилнинг фаластинликларга нисбатан халқаро сиёсатни бузган ҳолда амалга ошираётган зўравонликлари геноцид ҳисобланади.

Махсус маърузачига кўра, Исроил Халқаро суд қарорига бўйсунган ҳолда қуролли кучларини Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудудларидан олиб чиқиши, келгиндилар манзилгоҳларини йўқ қилиши, Фаластинга тегишли табиий бойликлардан фойдаланишни тўхтатиши ва уларга товон тўлаши керак.

Франческа Альбанезе БМТга аъзо давлатларга Исроилни ирқчилик ва айирмачилик сиёсатини юритаётган давлат деб топишни тавсия қилган. Халқаро жиноий суд прокурорига эса Тель-Авив томонидан содир этилаётган геноцид ҳаракатларини текшириш лозимлиги эслатилган.

БМТ махсус маърузачиси Ф.Альбанезе халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларидан кўз юмган ҳолда Исроилни сўзсиз дастаклаб келаётган Ғарб давлатларини ҳам танқид қилган.

Бир муддат олдин эълон қилинган БМТнинг халқаро мустақил комиссияси ҳисоботида ҳам Исроил Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда фаластинликларга нисбатан қасддан қотилликлар, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этаётгани ҳақида бонг урилган эди.

Жорий йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Дарвоқе, Исроил ҳукумати бир неча ҳафта аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерришни «персона нон грата» деб эълон қилган ва унинг яҳудий давлати ҳудудига киришини ман этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг