Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жанубий Корея КХДР билан чегарадаги чекловларни юмшатади

Жанубий Корея КХДР билан чегарадаги чекловларни юмшатади

Фото: Yonhap

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Кореялараро жойлашган буфер ҳудуд чегараларини юмшатиш режасини тақдим этди. Мазкур чора фуқароларнинг ҳудудга кириш имкониятини кенгайтириш ва минтақавий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган.

Мудофаа вазири Ан Гю Бекнинг маълум қилишича, демилитаризация ҳудуди орқали ўтувчи ҳарбий демаркация чизиғидан жанубда жойлашган ва ҳозиргача 10 километргача чўзилган Фуқаролик назорати чизиғи ўртача 6 километргача қисқартирилади.

«Фуқаролик назорати чизиғи фуқаролар ҳаракатини чеклаш ва ҳарбий операцияларни таъминлаш мақсадида ташкил этилган эди. Бироқ сўнгги йилларда амалдаги назорат чораларини қайта кўриб чиқиш зарурати ортиб бормоқда», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, режа ҳарбий хизматчилар сони камайиб бораётган бир пайтда, келажакдаги хавфсизлик шароитларига мослашиш ва айни пайтдаги операцион имкониятларни сақлаб қолишни назарда тутади.

Фуқаролик назорати чизиғи 1950-1953 йиллардаги Корея урушидан сўнг жамоатчилик киришини чеклаш ва чегарадаги ҳарбий объектларни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирда у ғарбий ҳудудларда демаркация чизиғидан 7 км, шарқий ҳудудларда эса 10 километргача жанубга чўзилган.

Бироқ ушбу чекловлар маҳаллий аҳоли учун ерларни ўзлаштириш ва ривожлантиришга тўсқинлик қилиб, кундалик ҳаётда қатор ноқулайликларни келтириб чиқарган.

Режага кўра, ҳозирда «Назорат қилинадиган муҳофаза зонаси» мақомига эга бўлган фуқаролик назорати чизиғи «Чекланган муҳофаза зонаси» сифатида қайта таснифланади. Бу эса тегишли органлар розилиги билан ерларни ўзлаштириш ва қурилиш ишларини амалга ошириш имконини беради.

Вазирлик маълумотига кўра, ушбу ўзгаришлар тахминан 270 квадрат километр ҳудудни қамраб олади. Мудофаа вазирлиги яна 450 квадрат километрга яқин «Чекланган муҳофаза зонаси»даги чекловларни ҳам бекор қилиб, хусусий мулкларни ривожлантиришга рухсат беришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Канвондо провинциясининг чегарадош ҳудудларидаги 23 та аҳоли пунктидан тактик аҳамиятини йўқотган ҳарбий иншоотларни олиб ташлаш режалаштирилган. Улар асосан танкларга қарши деворлар ва бошқа мудофаа иншоотларидан иборат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг