Жанубий Корея Россия самолётлари сабаб қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди
24 ноябрь куни эрталаб Россиянинг бир нечта ҳарбий самолёти Шарқий денгиз устидаги Жанубий Корея ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг таниб олиш зонасига қисқа муддатга кириб, кейин уни тарк этди. Бунга жавобан Сеул ороллардан бирида ҳаво тревогаси эълон қилди ва қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди.
Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси (JCS) Россия самолётлари мамлакат ҳаво ҳудудини бузмаганини маълум қилди.
JCS маълумотига кўра, Россия ҳарбий самолётлари эрта тонгда Жанубий Кореянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини таниб олиш зонасига (KADIZ) кирган, Уллиндо оролига яқинлашган ва кейин ҳудудни тарк этган.
«Россия самолётлари KADIZ ҳудудига киришидан олдин уларнинг ҳаракатини аниқладик ва эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш учун қирувчи самолётларни тактик манёврлар бажаришга йўналтирдик», — дейилади JCS баёнотида.
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Чон Бинна брифингда вазирлик куннинг иккинчи ярмида Сеулдаги Россия элчихонаси вакилини расмий норозилик билдириш учун чақиришини маълум қилди.
JCS вакили журналистларга Россия самолётлари Жанубий Корея ҳаво ҳудудига жуда яқин учганини, бироқ мамлакат ҳарбийлари жавоб чораларини кўрганидан сўнг Шарқий денгиз томонга йўналиб, ҳудудни тарк этганини айтди.
Самолётлар Жанубий Корея ҳаво ҳудудига киргани ҳақидаги хабар ортидан Ички ишлар вазирлиги ҳаво тревогаси эълон қилиб, аҳолини ерости бошпаналарига эвакуация қилишга чақирган.
Бироқ Россия самолётлари ҳудудни тарк этганидан уч дақиқа ўтиб, огоҳлантириш бекор қилинган.
Кейинроқ Кёнсан-Пукто провинцияси ҳукумати аҳолига алоҳида хабар юбориб, тревога бекор қилинганини маълум қилган. Аммо хабарда самолётлар Россияга эмас, Шимолий Кореяга тегишли бўлиши мумкинлиги айтилган.
Тахминан 40 дақиқадан сўнг провинция расмийлари хатони тузатиб, янги хабар тарқатган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter