Зеленский Қрим кўпригига берилган зарбани «адолатли жавоб» деб атади
Украина президенти Владимир Зеленский Киевда Буюк Британия вакили Уэс Стритинг билан учрашуви олдидан Қрим кўпригига қилинган ҳужум юзасидан баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Украина Қрим кўпригига зарба беришидан аввал Россия Украина ҳудудидаги кўприкларга 109 марта ҳужум уюштирган.
«Бу ракеталар ёки дронлар сони эмас, айнан ҳужумлар сони. Шунинг учун бу бизнинг мутлақо адолатли жавобимиз», – деди Зеленский.
Украина раҳбари Россия президенти Владимир Путинни урушни тўхтатиш ўрнига вазиятни янада кескинлаштириш учун баҳоналар излашда айблади.
Шунингдек, Зеленский Путиннинг Қрим кўприги ҳарбий логистика мақсадларида ишлатилмагани ҳақидаги баёнотига эътироз билдирди.
Унинг таъкидлашича, интернетда Россия танклари, зирҳли техникалари ва артиллерия қуроллари мазкур кўприк орқали ташилганини акс эттирувчи юзлаб видеолар мавжуд.
«Бу махфий маълумот эмас. Оддий одамлар ҳам буни кўрган. Путин интернетга кириб, ушбу видеоларни томоша қилиши мумкин», – деди Украина президенти.
Зеленский Россия раҳбарининг бу борадаги баёнотларини ҳақиқатга зид деб ҳисоблашини билдириб, Қрим кўприги Россия томонидан ҳарбий таъминот йўли сифатида фойдаланилганини таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter