Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кафансиз кўмилганлар» – президент Макрон француз полицияси даҳшатли қатлиом содир этганини тан олди

«Кафансиз кўмилганлар» – президент Макрон француз полицияси даҳшатли қатлиом содир этганини тан олди

Эмманюэль Макрон полиция амалга оширган хунрезликни тан олган илк президент бўлди.

Фото: AFP

Франция президенти Эмманюэль Макрон бундан роппа-роса 60 йил аввал мамлакат полицияси жазоирликларга нисбатан содир этган ваҳшийликни тан олди. Бунга қадар Франция раҳбарлари қатлиомни тан олишдан бош тортиб келган. 

Гап шундаки, 1961 йилнинг 17 октябрь куни Париж полицияси намойишга чиққан жазоирликларни ўққа тутган, ўнлаб тинч намойишчи отилган ёки Сена дарёсига ғарқ қилинган. Улар Франциянинг жазоирликларга нисбатан айирмачилик сиёсатига қарши чиққан эди.

Фожианинг 60 йиллиги муносабати билан Сена бўйида ташкил этилган маросимда қатнашган Эмманюэль Макрон қатлиомни кескин қоралаб, бу кечириб бўлмас жиноят эканини қайд этди.

Полиция қатлиомида вафот этганлар сони аниқ эмас. Расмий Париж 40 нафар жазоирлик ҳалок бўлган деб ҳисоблайди. Аммо бошқа манбаларга кўра қурбонлар сони 200 кишидан кам эмас.

Макрон маъмурияти тарқатган баёнотга кўра, ўша машъум кунда Париж полицияси бошлиғи Морис Папон раҳбарлигидаги миршаблар ўнлаб кишини ўлдирган, 12 минг кишини ҳибсга олган.

Ўша машъум кунда ўнлаб тинч намойишчи отилган ёки Сена дарёсига ғарқ қилинган. Фото: AFP

Қатлиомга бошчилик қилган Морис Папонга 1961 йили президент Шарль де Голль томонидн мамлакатнинг юксак давлат мукофоти –  Фахрий легион ордени билан тақдирланган. У кейинроқ бюджет вазири мақомига кўтарилган. 1981 йили матбуот Иккинчи жаҳон уруши йилларида Бордо полицияси раҳбари вазифасида ишлаган М.Папон яҳудийларни ўлим лагерларига жўнатиш билан шуғулланганини фош қилгач, у чет элга қочиб кетган. 1998 йили ватанига қайтгач, озодликдан маҳрум этилган, аммо 2002 йили соғлиғи ёмонлашгани важидан озодликка чиқарилган.

Жамоатчилик фаоллари қатиомнинг тан олинишини олқишлаган ҳолда, айбдорлар жазоланиши ва расман кечирим сўралиши лозимлигини таъкидламоқда.

«Бу жиноятни Папоннинг ёлғиз ўзи амалга оширмаган. Париж марказида одамларни калтаклаб ўлдиришган. Бундан юқоридагилар тўлиқ хабардор бўлган», – дейди «Africa93» ирқчиликка қарши кураш ташкилоти вакили Мимуна Ажам.

Париж қатлиомга бошчилик қилган Морис Папон Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам жиноят содир этган. Фото: BBC

Жазоир ўлкаси 1830 йили Франция томонидан босиб олинган. Жазоир халқи  1954-1962 йилларда мустамлакачиларга қарши омонсиз курашлардан кейин мустақилликни қўлга киритган. Франция парламенти 1999 йилдагина Жазоирдаги ҳарбий ҳаракатларни «уруш» дея тан олган. Унга қадар ҳарбий ҳаракатлар «жамоат тартибини тиклаш» истилоҳи билан хаспўшланган.

Жазоир кўпдан буён Франциядан мустамлака давридаги шафқатсизликлар учун узр сўрашни талаб қилиб келади. Масалан, 1849 йили мустамлакачиларга қарши исён кўтарган 24 нафар озодлик курашчиси ўлдирилгач, уларнинг жасади француз аскарлари томонидан Парижга ғалаба ўлжаси сифатида олиб кетилган. Жазоир ўз қаҳрамонларининг жасадини 2020 йилга келибгина ватанига қайтариш ва дафн этишга муваффақ бўлди.  

Эмманюэль Макроннинг яқинда берган баёноти эса ўзи шундоқ ҳам таранг муносабатларни баттар ёмонлаштирди. Э.Макрон Жазоир 1962 йили мустақилликка эришгач, аксилфранцуз руҳидаги давлат мафкураси шакллантирилгани ва мамлакат тарихи қайта ёзилганини айтган.

Жазоир президенти Абдулмажид Таббун Франция раҳбарининг бу баёнотини кескин қоралаб, Париждаги элчини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Шу билан бирга Жазоир ўз ҳудудидан француз ҳарбий самолётлари учишини ҳам тақиқланди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг