ОАВ: Нефть нархи 100 доллардан ошди
АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар ҳамда Ҳормуз бўғозининг ёпилиши хавфи туфайли жаҳон бозорида нефть нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 доллардан ошди. Deutsche Welle хабарига кўра, 9 март куни Brent маркали нефть фьючерслари қарийб 20 фоизга ўсиб, бир баррель учун 111,04 долларни, WTI нефти эса 106,17 долларни ташкил этди. Вазият кескинлашишидан олдин нархлар 70 доллар атрофида эди.
Дунё нефть таъминотининг 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозининг ёпилиб қолиш хавфи бозорда катта хавотир уйғотмоқда. Энергетик инқирознинг олдини олиш мақсадида АҚШ молия вазири Скотт Бессент Россия нефтига қўйилган санкцияларни юмшатиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирди. Хусусан, Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олиш учун 30 кунлик имтиёз берилди.
Вазиятнинг кескинлашувига 7 март куни Исроилнинг Эрон нефть инфратузилмасига берган авиазарбалари сабаб бўлди. Теҳрон атрофидаги бешта энергетика объекти ҳужумга учрагач, Эрон бунга жавобан Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатлар нефть объектларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилди. Бу эса глобал ёқилғи бозоридаги беқарорликни янада кучайтирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter