Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озарбайжон ТИВ Лочин йўли ёпилганига доир айбловни рад этди

Озарбайжон ТИВ Лочин йўли ёпилганига доир айбловни рад этди

Расмий Боку Шуша–Лочин йўли Озарбайжон томонидан қасддан ёпилгани ҳақидаги айбловни рад этди. Бу ҳақда мазкур мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ойхон Ҳожизода баёнот берган.

Қайд этилишича, Озарбайжон томони зиммасидаги мажбуриятга кўра сўнгги икки йил давомида Лочин йўлини тиклаш ва гуманитар мақсадларда истифода этиш чораларини кўрмоқда.

О.Ҳожизодага кўра, Ереван Лочин йўлидан ноқонуний иқтисодий фаолият ва экологик ҳуқуқбузарлик мақсадида фойдаланмоқда.

Гап шундаки, бир неча кундан бери Қорабоғнинг Россия тинчликпарвар контингенти назоратидаги қисмида Озарбайжон нодавлат ташкилотлари вакиллари норозилик намойиши ўтказмоқда. Расмий Бокуга кўра, ҳудуднинг рус қўшини жойлашган қисмида Озарбайжонга тегишли табиий бойликлар ноқонуний равишда қазиб олинмоқда. Бу ўринда гап Қизилбулоқ олтин кони ва Темирли мис-молибден кони ҳақида кетмоқда. Озарбайжон иқтисодиёт, экология, табиий ресурслар идоралари экспертлари ҳудудга мониторинг учун  қўйилмаган. Озарбайжон ташқи сиёсат маҳкамаси ушбу ҳолат бўйича расмий Москвага норозилик нотаси ҳам топширган. Пировардида маҳаллий фаоллар эътироз рамзи сифатида норозилик намойиши бошлаган.

Арманистон томони Лочин коридори масаласида кўмак сўраб Россияга мурожаат қилгани айтилмоқда. Расмий Ереван Бокуни норозилик намойиши воситасида ҳудудда гуманитар инқироз юзага келтиришда ҳам айблаган. Мазкур айбловни рад этган Озарбайжон ТИВ вакили норозилик акциясига хайрихоҳлик билдирган.

«Шуша–Лочин йўлида Озарбайжон фуқаролик жамияти вакиллари ва экофаолларнинг норозилик акциясини ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан Озарбайжон жамоатчилигининг эътирози деб қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Фуқаролик жамиятининг ушбу позициясини ҳурмат қилиш керак», – деган О.Ҳожизода.

Эслатиб ўтамиз, Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда бошланган 44 кунлик уруш якунида Озарбайжон ишғол остида бўлган ерларини қайтариб олган. 2020 йил 10 ноябрда Озарбайжон, Арманистон ва Россия томонидан имзоланган уч томонлама келишувга биноан минтақага Россия тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг