Озарбайжон ТИВ Марказий Осиё билан ҳамкорлик даражасини ижобий баҳолади
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Боку шаҳрида бўлиб ўтган 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида кўплаб масалалар қатори Марказий Осиё билан ҳамкорлик ҳолати юзасидан ҳам фикр билдирди.
“Тарихан дўст ва қардош бўлган Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар ўзаро ишонч ҳамда стратегик ҳамкорлик тамойилларига таянган ҳолда, изчил, фаол ва муваффақиятли тарзда ривожланмоқда. Ўзаро ташрифларнинг интенсивлиги ҳам ҳамкорлик ва алоқаларнинг юксак даражаси, шунингдек, Озарбайжон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига алоҳида ўрин берилганини яна бир карра тасдиқлайди”, – деди Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида Озарбайжон президенти ҳамда Марказий Осиё президентлари ва юқори мартабали вакилларининг 14 та ўзаро ташрифи амалга оширилди. Умуман, сўнгги уч йил ичида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатларига 14 марта келди. Ўз навбатида Марказий Осиё етакчилари Озарбайжонга 23 та ташрифни амалга оширди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу машваратда Озарбайжон Республикаси Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.
Жайҳун Байрамов Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинганини эътиборга молик дипломатик ютуқ деб атаган.
Жорий йил август ойида Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасида президент Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтган эди.
Озарбайжон бош дипломати Жайҳун Байрамов мазкур уч томонлама учрашувнинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталган.
Эслатиб ўтамиз, президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг 24 декабрь кунги телефон мулоқотида ҳам жорий йилда биргаликда амалга оширилган ишлар унумли бўлгани мамнуният билан қайд этилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter