Озарбайжон–ЕИ: янги битим минтақа энергетика харитасини буткул ўзгартириши кутилмоқда
18 июль куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен энергетика соҳасида стратегик ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Европа энергетика харитасини буткул ўзгартириши кутилмоқда.
«Бугунги меморандум келажак учун йўл харитаси вазифасини ўтайди. Келгуси ойларда Озарбайжон ва ЕИ икки томонлама янги битим бўйича ишларни якунлашига умид қиламиз», – дейди Озарбайжон раҳбари И.Алиев.
«ЕИ энергия манбалари борасида ишончли ҳамкорларга юзланмоқда. Озарбайжон улардан биридир. Бугунги ҳужжат Озарбайжондан ЕИга Жанубий коридор орқали газ ҳажмини икки бараварга ошириш имконини беради», – дейди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
Айни пайтда Жанубий коридор орқали Европага йилига 8 миллиард кубометр газ етказиб берилмоқда. Янги келишувга мувофиқ, маҳсулот импорти 2027 йилда 20 миллиард кубометргача ошади. Бу кўрсаткични кейинги йилдаёқ 12 миллиард кубометрга чиқариш кўзда тутилган.
Боку ва Брюссель томонидан тасдиқланган янги ҳужжатда яшил энергиянинг муҳим экани, глобал исиш ва иқлим ўзгаришларига қарши кураш бўйича чора-тадбирларга ҳам эътибор қаратилган.
Россиянинг Украинага босқини сабаб Европа мамлакатлари газ таъминотида муаммолар юзага келиши хавфи ортмоқда. Шу сабаб кўҳна қитъа муқобил газ таъминоти йўлларини қидирмоқда. Бу борада эса Озарбайжон мақбул вариантлардан бири ўлароқ кўрилмоқда.
Жорий йил февраль ойида Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон Озарбайжондан газ етказиш бериш миқдорини оширишни сўраган эди.
Европа минтақа давлатлари билан ҳамкорликда Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Жанубий газ коридори лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур йирик лойиҳа Жанубий Кавказ (SCP), Трансанатолия (TANAP) ҳамда Трансадриатика (TAP) каби уч йирик газ етказиш тизимини бирлаштиради. Озарбайжондан Италия қадар, 3500 километрга чўзилган газ қувурлари Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
ЕИнинг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон бу галги ташриф давомида ҳам Россиядан бошқа газ манбаларини топиш муҳим эканини урғулаган.
«Сўнгги ойларда ЕИ Россия ва «Газпром» энергия манбаларини етказишдан товламачилик йўлида фойдаланаётгани, газни барқарор етказиш хавф остида қолгани гувоҳи бўлди. Сирасини айтганда, Россия ЕИ учун шафқатсиз босқинчи ва энергия борасида ишончсиз ҳамкор бўлиб чиқди. Шу сабаб биз Россияни айланиб ўтган ҳолда энергия манбаларини диверсификация қилиш ва Озарбайжон каби ишончли халқаро ҳамкорлар билан мулоқот қилишга уринмоқдамиз», – дейди Еврокомиссар.
Эслатиб ўтамиз, президент И.Алиев Испания матбуотига берган интевьюсида Озарбайжоннинг тасдиқланган табиий газ захираси 2,6 триллион кубометр экани, бу эса ички ва ташқи эҳтиёж учун камида 100 йилга етишини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter