Пеп Гвардиола фаластинликлар ҳақида: «Биз уларни ёлғиз ташлаб қўйдик»
Барселонадаги Палау Сант Жорди саройида Фаластинни қўллаб-қувватлашга бағишланган хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилган мазкур тадбир халқаро ACT X PALESTINE кампаниясининг бир қисми бўлиб, Фаластин халқи дуч келаётган гуманитар инқирозга жамоатчилик эътиборини қаратишни мақсад қилган.
Кечанинг энг асосий воқеаларидан бири Пеп Гвардиоланинг нутқи бўлди. Унда машҳур мураббий Фаластинни қўллаб-қувватлашини билдирди. Гвардиола можаролардан жабр кўраётган тинч аҳоли, хусусан болаларнинг азоб-уқубатларига бефарқ бўлмаслик зарурлигини таъкидлади.
У ўз нутқида вайроналар остида қолган, оилаларидан жудо бўлган болалар ҳақида таъсирли фикрларни билдирган.
«Мен ана шу кадрларда онасидан ёрдам сўраб, вайроналар остида қолган болани кўрганимда ичимдан нималар ўтганини тасвирлаб бера олмайман… Биз уларни ёлғиз ташлаб қўйдик», — деди “Манчестер Сити” бош мураббийи.
Гвардиоланинг Фаластин халқига садоқати
2025 йилнинг 18 ноябрь куни Луис Компаньс номидаги Олимпия стадионида Каталония ва Фаластин терма жамоалари ўртасида хайрия учрашуви бўлиб ўтганди. Ўша куни 30 мингдан ортиқ томошабин байроқлар кўтариб, Фаластин озодлиги учун куйлашганди.
Пеп Гвардиола ушбу ўйинни оддий спорт тадбиридан анча улуғроқ деб атади. «Бу шунчаки рамзий ўйин эмас. Бу учрашув орқали фаластинликлар дунёда улар ҳақида ўйлайдиган одамлар борлигини ҳис қилишади», — деганди у.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни Фаластинга нисбатан хиёнатда айблади: «Дунё Фаластинни ёлғиз қолдирди. Биз мутлақо ҳеч нарса қилмадик. Улар у ерда туғилгани учун айбдор эмас. Барчамиз бутун халқнинг йўқ қилинишига йўл қўйдик. Уларга катта зарар етди ва буни орқага қайтара олмаймиз».
Каталониялик мураббий Ғазодаги зўравонликларга нисбатан сиёсий етакчиларнинг сукут сақлаётганини кескин танқид қилди. «Ғазода оммавий қирғинни кимдир ҳимоя қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман. У ерда бизнинг болаларимиз ҳам бўлиши мумкин эди», — дейди ғазаб билан.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити"да Пеп Гвардиола мураббийлигида тўп суради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter