Президент Эрдўғон Франция раҳбари Макронга шифокорга кўринишни маслаҳат берди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция етакчиси Эммануэль Макроннинг НАТО ҳақидаги баёнотига кескин танқидий муносабат билдирди.
Франция президенти жорий йил 7 ноябрь куни «The Economist» нашрига интервьюсида НАТО «мия ўлими» ҳолатида эканини қайд этган эди.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги Мармара университетида қилган маърузасида ушбу нуқтаи назарни асоссиз деб атади ва президент Макроннинг ўзи миясини кўрикдан ўтказиш учун шифокорга мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Президент Эрдўғонга кўра, Туркиянинг НАТОга аъзолиги масаласини Франция ҳал этмайди. «Парижга бу масалани муҳокама этишга ким ҳуқуқ берди?» деди у.
Аввал хабар берганимиздек, Туркия қуролли кучлари жорий йил октябрда Сурия шимолида PKK/YPG ҳамда ИШИД террорчи ташкилотларига қарши «Тинчлик булоғи» (Barış Pınarı Harekatı) операциясини бошлаган.
Франция президенти Э.Макрон расмий Анқаранинг ушбу операциясини танқидий баҳолаб, бу борада НАТОдан хайрихоҳлик кутмаслик кераклигини айтган эди.
Мазкур масалага ҳам муносабат билдирган президент Эрдўғон Туркия ҳарбийлари Суриядаги таҳдидлар бартараф этилмагунча қуролини қўймаслигини урғулади. У, айни чоқда, хавфсизлик ва террорга қарши курашда Туркиянинг суверен ҳуқуқлари ҳимоя этилиши лозимлигини эслатди.
«Туркиянинг хавфсизлиги – Европанинг хавфсизлиги демакдир. Унутманг, Европанинг хавфсизлигига Туркиянинг хавфсиз эканига чамбарчас боғлиқдир», – деди Р.Т.Эрдўғон.
Туркия раҳбари ўз нутқида Франция ҳарбийларнинг Сурияда бўлиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканини қайд этди.
«Туркия Сурия билан 911 километрга чўзилган чегарага эга. Туркия Сурия билан Адана битимини имзолаган. Хўш, сиз-чи? Қайси битим сизга у ерга (Сурияга) кириш ҳуқуқини беради?» – дея француз ҳамкасбига саволлар йўллади у.
Таъкидланишича, Туркия НАТОнинг муҳим аъзоси сифатида терроризм ва бошқа таҳдидларга қарши курашда сабот ила давом этади.
Аввалроқ Франция президенти Э.Макрон томонидан берилган баёнотга Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам муносабат билдириб, расмий Париж террорчиларнинг бошини силаётганини айтган эди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter