Россия бензин экспортини тақиқлади
Россия ҳукумати 1 апрелдан бошлаб бензин экспортини вақтинча тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда вице-премьер Александр Новак топшириқ берган бўлиб, тегишли қарорни Энергетика вазирлиги тайёрламоқда.
Ҳукумат матбуот хизматига кўра, мазкур чора ички бозорда бензин нархларини барқарорлаштириш ва аҳолини ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Шу билан бирга, мутахассислар фикрича, экспортни чеклаш нархларни кескин туширмаслиги мумкин, фақат уларнинг ўсиш суръатини секинлаштиради.
Вазиятга ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 25 март куни Украина томонидан Ленинград вилоятидаги Усть-Луга портига зарба берилгани экспорт логистикасига жиддий таъсир қилди. Айрим манбаларга кўра, бу ҳолат нефтни қайта ишлаш ҳажмларининг қисқаришига ҳам олиб келиши мумкин. Шунингдек, Россия нефт компаниялари хорижий ҳамкорларни эҳтимолий форс-мажор ҳақида огоҳлантирган.
Глобал бозордаги кескинлик ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар натижасида жаҳон нефть нархлари ўсди. Хусусан, Brent маркали нефть бир баррел учун 100 доллардан ошиб, айрим пайтларда 126 долларгача етди. Ҳозирги вақтда нархлар тахминан 110 доллар атрофида сақланиб турибди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter