Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия собиқ бош вазири Украинадан кейинги нишон ким бўлишини айтди

Россия собиқ бош вазири Украинадан кейинги нишон ким бўлишини айтди

Касьянов ўз даврида Путин командасининг ишончли аъзоларидан бўлган.

Фото: Кремль матбуот хизмати

Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов Украинадаги уруш икки йилга қадар давом этиши мумкинлигини айтди. У Киев маъмурияти мағлубиятга учрагудек бўлса, кейинги нишон Болтиқбўйи давлатлари бўлишини ҳам башорат қилди.

Ҳозирда мухолифат томонида бўлган собиқ ҳукумат раҳбари президент Владимир Путин ҳокимиятини қонунсизлик ва жазосизлик тизимини жорий этгани сабаб танқид қилган. М.Касьяновга кўра, Кремль хўжайини айни пайтда сиёсий реалликдан узилиб қолган. Шу важдан ақл бовар қилмас ишларга қўл урмоқда.

Собиқ бош вазир Россиянинг урушдан кейинги тақдирига тўхталиб, тикланиш жараёни кўп йилларга чўзилишидан хавотир билдирган.

«Албатта, путинлашув сиёсатига барҳам бериш талаб этилади. Ушбу жараённи амалга ошириш ва цивилизациялашган дунё, энг аввало, бизнинг табиий ҳамкорларимиз ва қўшниларимиз Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ишончга асосланган робиталарни қайта йўлга қўйиш учун ўн йил керак бўлади», – дейди сиёсатчи.

М.Касьянов 2000-2004 йилларда, В.Путиннинг биринчи муддат президентлик даврида ҳукуматни бошқарган. Бош вазирлик ваколати охирида президент билан муносабати ёмонлашган ва истеъфодан кейин мухолифатга қўшилган. Айни вақтда «Халқ эркинлиги партияси» раиси саналган М.Касьянов июнь ойи бошида таҳдидлар сабаб Россияни тарк этгани хабар қилинган.

2017 йили Forbes нашри М.Касьяновни замонавий Россия тарихидаги нуфузли бош вазирлардан бири деб эълон қилган. Кремль эса мухолифат томонга ўтган собиқ ҳукумат раиси фаолиятига хайрихоҳ эмаслиги маълум.

Украинадан кейин Болтиқбўйига ҳужум бўлиши борасидаги хавотирли фикрлар М.Касьяновдан аввал ҳам айтилган эди.

Рус босқинидан икки марта (империя ва СССР даврида) жабр чеккан Эстония, Латвия ва Литва Украина уруши борасида Кремлга беаёв босим ўтказишни талаб этаётгани сабаблардан бири ҳам шу.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс аввалроқ Россия нафақат Украина, айни чоқда, Молдова ва Грузияга ҳам ҳарбий ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

«Агар Путин зафарга эришса, Европа ҳамда бутун дунё бошига даҳшатли мусибат ёғилади. У ҳолда ҳеч қачон тинч-осуда ҳаёт кечира олмаймиз», – деган эди инглиз вазири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг