Россия ТИВ: Анзали портига зарба минтақавий можарони кенгайтириши мумкин
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Эроннинг Бандар Анзали портига берилган ракета зарбаси юзасидан баёнот бериб, вазият кескинлашиб бораётганидан хавотир билдирди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ҳудудига берилаётган зарбалар географияси кенгайиб бормоқда.
«Америка-Исроил коалицияси ўзи бошлаган урушни янада кучайтирмоқда ва унинг кенгайишига сабаб бўлмоқда», – деди Захарова.
Россия ТИВ маълумотига кўра, 18 март куни Каспий денгизи бўйида жойлашган Эроннинг йирик портларидан бири – Бандар Анзали зарбага учраган.
Ушбу порт Эрон учун муҳим савдо ва логистика маркази ҳисобланади. Шунингдек, у Россия ва Эрон ўртасидаги савдо алоқаларида, жумладан озиқ-овқат таъминотида фаол қўлланилади.
Захарова таъкидлашича, ушбу ҳужум нафақат Эрон, балки Каспий бўйи давлатларининг иқтисодий манфаатларига ҳам таъсир кўрсатади.
Россия ТИВ вакили Каспий денгизи ҳудуди анъанавий равишда тинчлик ва ҳамкорлик макони сифатида қаралиб келганини эслатди.
«Агрессорларнинг масъулиятсиз ҳаракатлари Каспий давлатларини ҳарбий можарога тортиш хавфини юзага келтирмоқда», – деди у.
Шу муносабат билан Москва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни қайта тиклашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 март куни Эроннинг Каспий денгизи бўйида жойлашган муҳим порт шаҳарларидан бири — Бандар Анзалигa ракета зарбаси берилгани маълум қилинганди.
Ҳужум давомида шаҳардаги бир нечта муҳим объектлар нишонга олинган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар қайд этилмаган.
Айрим манбаларда Анзали портида Эроннинг Каспий флотига ҳам зарар етказилгани ҳақида маълумотлар тарқалган. Кузатувчилар фикрича, бу нафақат ҳарбий, балки психологик таъсирга эга қадам бўлиши мумкин.
Эрон учун флот тарихи давомида давлат қудрати ва миллий ғурур рамзи ҳисобланган. Шу сабабли бундай ҳужум мамлакат жамоатчилигига руҳий босим ўтказишга қаратилган бўлиши мумкин.
Ҳозирча ушбу ҳужум оқибатлари ва зарар кўлами бўйича мустақил тасдиқланган тўлиқ маълумотлар мавжуд эмас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter