Садир Жапаров ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган ўғли ва укаси ҳақида гапирди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда сўнгги 10 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ)нинг хавотирли статистикасини очиқлади. Жапаров, жумладан, ўз ўғли ҳамда укаси ва унинг рафиқаси ЙТҲда ҳалок бўлганига тўхталди.
Сўнгги 10 йилда Қирғизистонда ЙТҲ оқибатида 9 120 киши ҳалок бўлган, 13 260 киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг қарийб ярми ногирон бўлиб қолган, бу эса давлат зиммасига нафақалар тўлаш каби қўшимча ижтимоий мажбуриятларни юклайди, деди президент.
Қирғизистон раҳбари йўл ҳалокатлари туфайли бошидан кечирган шахсий йўқотишларга ҳам тўхталди.
Жумладан, унинг укаси рафиқаси билан бирга ЙТҲга учраб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
«Уларнинг тўрт нафар фарзанди турли даражадаги жароҳатлар олган бўлса-да, омон қолишди. 2019 йилда катта ўғлим ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Бу каби фожиаларга минглаб одамлар дуч келмоқда», — деди Садир Жапаров.
Автоҳалокатларнинг олдини олиш учун йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўрганиш зарур, деди давлат раҳбари.
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Жапаровнинг тўнғич ўғли 27 ёшли Достон 2019 йил августида Бишкекда юз берган ЙТҲдан сўнг вафот этган. У мотоцикл бошқариб кетаётганда автомобил келиб урилган. Оғир жароҳатланган Достон бир неча кундан сўнг шифохонада оламдан ўтган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter