Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудия ва Покистон ўртасида тарихий битим имзоланди

Саудия ва Покистон ўртасида тарихий битим имзоланди

Фото: SPA

Саудия Арабистони ва Покистон мудофаага оид стратегик битим имзолади. Cаудия давлат ахборот агентлиги хабар беришича, ушбу ҳужжатга мувофиқ томонлардан бирига қарши уюштирилган ҳужум ҳар иккисига уюштирилган ҳужум деб баҳоланади.

Мудофаага оид битим Риёз шаҳрида Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди.

Расмий Исломобод ва Риёз тарқатган хабарга қараганда, ушбу битим икки давлатнинг ҳар қандай агрессияга қарши ҳамкорликдаги жавобини кўзда тутади.

Покистон мусулмон оламида ядро қуролига эга ягона мамлакат саналади. Мудофаа битими Саудия Арабистони ҳам Покистон ядро шамсияси остига олинганидан далолат беради.

Саудия ҳамда Покистон иқтисодий, ҳарбий, сиёсий ва диний соҳаларда яқин ҳамкорлик қилиб келади.

Саудия подшоҳлиги Покистон санкциялар сабаб қийналган вақтда молиявий кўмак кўрсатган. Ўз навбатида Покистон Саудия ҳудудидаги Макка ва Мадина каби муқаддас шаҳарларни ҳимоя қилишга шайлигини билдириб келади.

Жаҳон матбуоти, хусусан, AP агентлиги икки йирик мусулмон давлат ўртасида мудофаа битими Исроилнинг Қатар ҳудудига ҳужумидан бир неча ҳафта ўтиб имзоланганига эътибор қаратмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил 9 сентябрь куни халқаро ҳуқуқни бузган ва “қизил чегаралар”ни ҳатлаган ҳолда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига авиаҳужум уюштирди. Исроил расмийлари ҳужум ҲАМАС ҳаракатининг юқори раҳбариятига қаратилганини маълум қилган.

Axios нашри ҳисоб-китобига кўра, Исроил 2023 йил 7 октябрдан кейин Яқин Шарқдаги етти давлат (Фаластин, Ливан, Ироқ, Сурия, Эрон, Яман ва Қатар) ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум уюштирди.

Тель-Авивнинг урушқоқ сиёсати эса АҚШ томонидан дастакланмоқда.

Исроилнинг Қатарга ҳужуми АҚШ иттифоқчиларида “Бундан кейин Вашингтонга ишониб бўлмайди” деган фикрни янада кучайтириши айтилмоқда.

Саудия Арабистони ҳам ҳозирга қадар мудофаа соҳасида биринчи навбатда АҚШ кафолатига ишониб келган.

Турли тахминларга кўра, Покистонда 170 та ядро каллаги мавжуд.

Саудия Арабистони раҳбарияти ҳам аввалроқ агар Эрон оммавий қирғин қуролига эга бўлса, ўз ядро қуролини яратишга ҳаракат қилиши ҳақида баёнот берган.

Таҳлилчилар АҚШнинг Яқин Шарқдаги йирик иттифоқчиларидан бири саналган Саудия подшоҳлигининг Покистон билан мудофаа бўйича стратегик битим имзолашини маълум маънода Вашингтон сиёсатига ишончсизлик ифодаси деб атамоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг