Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурия: ҳукумат учун даромад – ёшлар бошига кулфат

Сурия: ҳукумат учун даромад – ёшлар бошига кулфат

Саудия Арабистони божхоначиси Суриядан юборилган анор ичига каптагон таблеткалари яширилганини фош этмоқда. Фото: «AP»

10 йилдан буён фуқаролар уруши давом этаётган Сурия гиёҳвандлик моддалари экспорт қилувчи ўлкага айланмоқда, деб хабар беради «The Economist» нашри.

Уруш туфайли бир пайтлар маъмур бўлган мамлакат иқтисодиёти издан чиқди, саноат ва ишлаб чиқариш путурдан кетди. Мутараққий мамлакатлар томонидан Башар Асад маъмуриятига нисбатан жорий этилган санкциялар ҳам, табиийки, тараққиётга тушов бўлмоқда. Қайд этилишича, ана шундай мушкул-мураккаб вазиятда наркотик савдоси Асад маъмурияти жонига ора кирмоқда.

Сурия кейинги йилларда Яқин Шарқ ўлкаларида кенг тарқалган наркотик модда – каптагон таблеткаларининг асосий экспортчисига айланди, деб ёзади «The Economist».

2011 йили мамлакатда фуқаролар уруши бошлангач, наркотик моддалар етиштириш оммавий тус олди. Сурия режимини қўллаб-қувватлаш учун Афғонистон ва Ливандан келган жангарилар ўзлари билан гиёҳвандлик моддалари тайёрлаш ва сотиш техникасини ҳам келтирдилар. Мамлакат бўйлаб наша майдонлари кенгайтирилди, каптагон таблеткаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2013 йилдан эса бутун Араб оламига яширин йўллар билан оғу сотила бошлади.

Хорижий мамлакатлар назорат идоралари томонидан фош этилаётган ҳолатлар наркотик савдоси кўлами улкан эканидан далолат беради. Масалан, ўтган йили итальян полицияси 1 миллиард евролик 84 млн дона, жорий йил май ойида эса Малайзия ҳуқуқ идоралари 95 млн дона каптагон таблеткаларини мусодара қилган.

Буюк Британиянинг «The Guardian» нашрига кўра, 2020 йили Сурия 3,46 миллиард долларлик каптагон таблеткаларини экспорт қилган.

Кипрдаги Тезкор таҳлил ва тадқиқот маркази (COAR) мутахассиси Ян Ларсон Сурия марказий ҳукумати наркотик савдосидан асосий манфаатдор эканини таъкидлайди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази ҳам миллиардлаб доллар даромад келтираётган наркотик савдоси Башар Асаднинг яқинлари назоратида деб ҳисоблайди.

Бало келса, қўша-қўша келади деганларидек, 10 йилдан буён уруш олови ёнаётган Сурияда қашшоқлик ва очлик ҳам кун сайин кучайиб бормоқда.

БМТнинг озиқ-овқат масалалари бўйича агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 12,4 миллион киши (аҳолининг 60 фоизи!) очлик исканжасида қолмоқда. 2015-2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 33 бараварга кўтарилди. Коронавирус пандемияси эса жафокаш халқ учун янада оғир синовга айланди.

2011 йилдан буён Шом тупроқларида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 400-500 минг киши ҳалок бўлди, миллионлаб аҳоли киндик қони тўкилган шаҳару қасабаларни тарк этишга мажбур бўлди.

Суриядаги фуқаролар урушидан ўз мақсади йўлида фойдаланаётган мамлакатлар ўлкадаги гуманитар инқирозни янада чуқурлаштиришга зўр бериб ҳаракат қилмоқда, дея бонг уради «Politico» нашри.

Кузатувчиларга кўра, Сурияни геосиёсий кураш майдонига айлантирган йирик мамлакатлар ҳам, тожу тахтини сақлаб қолишга зўр бераётган ишбошилар ҳам кўп миллионли аҳоли очлик домида экани, боз устига, гиёҳвандлик моддалари тобора кўпроқ ёшларни ўз домига тортаёганидан кўп-да хавотир олмаётир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг