Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурияда курд автономияси тугади: Рожава тажрибасининг якунланиши

Сурияда курд автономияси тугади: Рожава тажрибасининг якунланиши

Сурияда қарийб 14 йил давом этган курдлар бошчилигидаги автоном ҳудуд — Рожава ўз мавжудлигини амалда тугатди. Янги Дамашқ ҳукумати қўшинлари январь ойида қисқа муддат ичида минтақани тўлиқ назоратга олди ва Сурия демократик кучлари (SDF) таслим бўлишга мажбур бўлди. Шу тариқа, Яқин Шарқдаги энг ўзига хос сиёсий тажрибалардан бири якунланди.

Рожава 2012 йилда, Сурия фуқаролик уруши авж олган пайтда, мамлакатнинг шимолий-шарқида — Евфрат орти ҳудудида шаклланган эди. У «курд автономияси» деб аталиб келган бўлса-да, бу ҳудудда курдлар аҳолининг ярмидан сал кўпроғини ташкил этар, араблар, ассирийлар, туркманлар ва бошқа халқлар билан бирга яшар эди. Ҳудудни асосан курд отрядлари етакчилик қилган SDF назорат қиларди.

Рожава халқаро майдонда, энг аввало, «Исломий давлат»га қарши курашдаги роли билан танилди. АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳаводан ёрдам берган бўлса, ердаги асосий жангларни айнан SDF олиб борди. 2017 йилда Ракканинг қўлга олиниши «Исломий давлат»нинг амалда мағлуб этилишини англатди.

Бироқ 2024 йил охирида Башар Асад режими қулаганидан сўнг, Рожава тақдири кескин ўзгарди. Янги Сурия раҳбари Аҳмад аш-Шараа федерализация ғоясини қатъиян рад этди ва мамлакатни марказлашган давлат сифатида тиклашни устувор деб билди. Бу эса курдларнинг автономияни сақлаб қолиш ҳақидаги талаблари билан мутлақо тўқнаш келди.

АҚШ маъмурияти эса Сурияни марказлаштириш йўлини маъқуллади. Туркиянинг манфаатлари ҳам шу қарорда муҳим роль ўйнади: Анқара курд қуролли тузилмаларини миллий хавфсизлигига таҳдид деб билади. Натижада, Дамашқка курд масаласини куч ишлатиб ҳал этиш учун амалда «яшил чироқ» берилди.

Январь ойида ҳукумат қўшинлари Алепподаги курд анклавларини, ортидан эса Ракка, Дейр-эз-Зор ва Ҳасакани деярли қаршиликсиз эгаллади. 18 январь куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви эса, моҳиятан, SDFнинг таслим бўлиши бўлди. Келишувга кўра, автономия ҳудудлари тўлиқ Дамашқ назоратига ўтади, курд қуролли тузилмалари тарқатилади ва жангчилар индивидуал тарзда Сурия армиясига қўшилади.

Шу билан бирга, янги ҳукумат рамзий имтиёзлар ҳам берди: курд тилига расмий мақом берилди, Наврўз умуммиллий байрам сифатида тан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг