Тўрт ёшида ўғирланган хитойлик 21 йилдан сўнг оиласига қайтди
Хитойда яшовчи Пэн Цунсунг тўрт ёшида ўғирлаб кетилганидан кейин, орадан 21 йил ўтиб, ҳақиқий оиласи билан топишди. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Пэн Цунсунг болалигида Цзянси провинциясидаги бозорда бедарак йўқолган. Ота-онаси дарҳол полицияга мурожаат қилишган, лекин болани топиш имкони бўлмаган.
Орадан вақт ўтиб маълум бўлишича, у Жянсу провинциясида яшайдиган бир оила томонидан тарбияланган. Улар болани ўғирлаб кетувчилардан сотиб олган ва унга янги исм берган. Йиллар давомида Цунсунг ўзининг ҳақиқий оиласи борлигини умуман билмаган, асраб олган ота-онасини эса ҳақиқий деб қабул қилиб яшаган.
Фақат 2024 йил декабрь ойида ДНК таҳлили орқали унинг биологик ота-онаси ўғлини топишга муваффақ бўлди. У ҳақиқий ота-онаси, опа-сингиллари ва яқин қариндошлари билан учрашди.
Ҳақиқатни билганидан сўнг, йигит асраб олган ота-онаси билан муносабатларни тўхтатди. У иши, дўстлари, уйи ва машинасини қолдириб, ҳақиқий қариндошлари яшайдиган Цзянси провинциясига кўчиб ўтди.
Айтилишича, эндиликда Пэн Цунсунг йўқолган йилларни қоплаш учун оиласи билан имкон қадар кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter