Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп икки тарихий ҳодисани чалкаштириб юборди

Трамп икки тарихий ҳодисани чалкаштириб юборди

Фото: TruthSocial/DonaldTrump

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитойнинг Шэнчжен шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги саммитдан қайтгач, TruthSocial тармоғидаги саҳифасида фотосуратлар туркумини эълон қилди.

Суратларнинг аксари Трампнинг Хитой раҳбари Си Цзинпин ҳамда Россия президенти Владимир Путин билан илиқ муносабатларини намойиш этишга қаратилганини сезиш мумкин. АҚШ президенти хитойлик ва россиялик ҳамкасбларини “дўст” деб атаган.

Трамп, шунингдек, Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин, АҚШ президенти Франклин Делано Рузвелт ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл акс этган тарихий фотосуратни Си Цзинпин ҳамда Путин билан тушган суратига коллаж қилган ҳолда чоп этган. Коллажга «Буюк давлатлар. 1945, 2026» дея имзо чекилган.

Кузатувчилар Трамп икки тарихий ҳодисани чалкаштириб юборганига эътибор қаратмоқда. Постда чоп этилган сурат 1945 йил Ялтада эмас, балки 1943 йил Теҳрон шаҳрида олинган.

Аввал хабар берганимиздек, 19 ноябр куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида ўтказилган уч томонлама саммит якунида Трамп, Путин ва Си Цзинпин «Тинчлик сари декларация»ни қабул қилди.

Уч давлат раҳбари ядровий қуроллар билан боғлиқ хавфларни камайтириш ва уларнинг тарқалишини олдини олиш юзасидан мулоқот олиб боришга келишган.

Жорий йил июн ойида 80 ёшни қаршилаган Трамп сўнгги вақтларда давлатлар номлари, жуғрофий атамалар борасида бир неча бор хатоликка йўл қўйгани маълум.

«Биз Камбоджа ва Арманистон ўртасидаги зиддиятни тўхтатдик. У эндигина бошланган ва жуда ёмон ихтилоф эди. Буни ўйлаб кўринглар», — деган эди Трамп 2025 йил 20 сентябр куни Cornerstone институти ташкил этган тадбирдаги чиқишида.

2025 йил июл ойида эса Либерия президенти Жозеф Боакайнинг инглизчада мукаммал гапиришидан ҳайратга тушган Трамп ундан бунчалик чиройли гапиришни қаерда ўрганганини сўраган. Яъни АҚШ етакчиси Либерияда давлат тили инглиз тили эканини ё билмаган, ёки унутган.

Трампнинг бу каби хатолари ортидан ижтимоий тармоқларда унинг ақлий салоҳияти борасида саволлар янграган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг