Трамп Исроил президентини ҳақорат қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил президенти Ицхак Герцогни кескин танқид қилди. АҚШ раҳбарига кўра, Ицхак Герцог Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни афв этиш масаласида ваъда бериб, ваъдасини бажармаган. Шу боис Трамп исроиллик ҳамкасбини «заиф ва нотавон» деб атаган.
«У менга уни (Нетаняҳу назарда тутилмоқда – таҳр.) афв этаман деб бир неча бор айтди, аммо мени алдаб келмоқда», – деган Трамп Исроилнинг «14-канал»ига берган интервьюсида.
АҚШ президенти фикрича, Нетаняҳу устидан давом этаётган суд жараёни уни ҳарбий ҳаракатлардан чалғитмоқда.
«Биби бор эътиборини аҳмоқона ишларга эмас, балки урушга қаратиши керак», – деб уқтирган у.
Бу даъвога жавоб қайтарган исроиллик юқори мартабали мулозимга кўра, президент Ицхак Герцог Трампга Нетаняҳуни афв этиш масаласида ваъда бермаган, балки масалани қонуний тартибда кўриб чиқишини айтган.
Дональд Трамп кўпдан буён Исроил президентини коррупцияга оид жиноятларда айбланаётган Нетаняҳуни афв қилишга чақириб келади.
Мамлакат қонунчилигига кўра, Нетаняҳу суд томонидан айбдор деб топилса, президент уни афв этиш ваколатига эга.
Нетаняҳу порахўрлик, фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. У жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилган илк амалдаги ҳукумат раҳбари саналади.
Аслида, унга қарши жиноят иши 2019 йилда қўзғатилган. Аммо яҳудий давлати ҳамда ҲАМАС ўртасидаги уруш сабаб маҳкама жараёни ортга сурилганди.
Тергов идорасига кўра, Нетаняҳу миллиардер ва кинопродюсер Арнон Мильчандан унинг тижорий ишларига кўмак бериш эвазига бир неча ўн минг долларлик совғалар олган.
Бундан ташқари, у Walla янгиликлар сайтига эгалик қилувчи Bezeq телекоммуникация ширкатига 475 минг евролик тартибга солиш хизматини тақдим этган. Прокурорлар қайдича, бунинг эвазига ширкатга қарашли ОАВ Нетаняҳу ва унинг хотини ҳақида мақтов руҳидаги материаллар эълон қилган.
Бош вазир “Yedioth Ahronoth” нашри билан ҳам шундай муносабатга киришишда айбланмоқда.
Нетаняҳунинг ўзи айбловларни рад этмоқда.
Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. Нетаняҳу муҳим давлат ишлари важидан маҳкамани бир неча марта ортга сурдирган.
Таҳлилчилар фикрича, Нетаняҳу Фаластин, Ливан, Сурия, Яман ва Эронга қарши ҳарбий амалиётлар орқали ўзининг сиёсий умрини узайтириш ҳамда суд-тергов жараёнини ортга суришга интилмоқда.
Нетаняҳуни Халқаро жиноят суди ҳам оғир жиноятлар учун таъқиб қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.
Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Трамп Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаб келади. Оқ уй яҳудий давлатига Ғазо секторида олиб борган қонли ҳарбий ҳаракатларда, шунингдек, Эронга қарши урушда яқиндан кўмак берди.
Трамп маъмурияти Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун Халқаро жиноят судига нисбатан санкция жорий этгани ҳам маълум. Инсон ҳуқуқларини байроқ қилган АҚШ томонидан глобал миқёсда адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган ХЖСга жазо чоралари қўлланиши мисли кўрилмаган ҳолат деб баҳоланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter