Трамп қатор давлатларни «Иброҳим келишувлари»да кўришни исташини айтди
Трамп айни кунларда Эрон билан музокаралар “яхши кетаётгани”ни билдириб, яқин орада тарихий келишув имзоланиши мумкинлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ё томонлар барча учун манфаатли бўлган келишувга эришади, ёки минтақада ҳарбий ҳаракатлар янада кучайиши мумкин. Трамп “ҳеч ким бундай сценарийни истамаслиги”ни таъкидлади.
Трамп баёнотида Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, БАА президенти Муҳаммад бин Зоид, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий, Иордания қироли Абдулло II ва Покистон қўмондони Осим Мунир билан ўтказилган музокаралар ҳақида ҳам тўхталди.
У мазкур давлатлар “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши шартлигини айтди. Трампнинг фикрича, АҚШнинг минтақадаги дипломатик саъй-ҳаракатлари ортидан ушбу давлатлар Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши керак.
Трамп Саудия Арабистони ва Қатарни келишувга “дарҳол” қўшилишга чақирди. Шунингдек, Туркия, Покистон, Миср ва Иордания ҳам ушбу жараёнга қўшилиши лозимлигини билдирди.
У “Иброҳим келишувлари”ни иштирокчи давлатлар учун молиявий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан катта муваффақият деб атади. Трампга кўра, БАА, Баҳрайн, Марокаш, Судан ва Қозоғистон бу келишувлардан манфаат кўрган ва ҳеч бири ундан чиқиш ҳақида ўйламаган.
Трамп ҳатто келажакда Эрон ҳам ушбу келишувларга қўшилиши мумкинлигини айтди. У буни “Яқин Шарқ тарихидаги энг муҳим келишув” деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, “Иброҳим келишувлари” 2020 йилда АҚШ воситачилигида Исроил ва қатор араб давлатлари ўртасида дипломатик муносабатларни нормаллаштириш мақсадида имзоланган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter