Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трампнинг ғазоликларни кўчириш таклифини қабул қилиб бўлмайди – АДЛ

Трампнинг ғазоликларни кўчириш таклифини қабул қилиб бўлмайди – АДЛ

Бир муддат олдин Доналд Трамп Ғазо секторида ижтимоий объектларнинг бутунлай вайрон бўлгани ҳақида тўхталиб, анклавнинг 1,5 миллион аҳолисини Миср ва Иордания каби давлатларга вақтинчалик кўчириб туриш кераклигини айтганди.

Унинг ушбу таклифи Араб давлатлари лигаси ҳамда Миср ҳукумати томонидан жиддий танқидга учради.

Араб давлатлари лигаси, жумладан, АҚШ президентининг Ғазодаги фаластинликларни араб мамлакатларига, хусусан Иордания ва Мисрга депортация қилиш ҳақидаги чақириғини «қабул қилиб бўлмайдиган ва бунга қаратилган уринишлар муваффақиятсизлик сари йўл» дея баҳолаган. Иттифоқнинг ёзма баёнотида, «Фаластин халқини ўз ерларидан ҳайдаб чиқариш, қўшиб олиш ёки аҳоли пунктларини кенгайтириш йўли билан кўчиришга уринишлар ўтмишда муваффақиятсиз якунланган. Шу сабабдан ҳам бу қабул қилиб бўлмайдиган ва халқаро ҳуқуқни оёқости қиладиган таклиф», дейилади.

Ўз навбатида, Миср ҳукумати ҳам Трамп ташаббусига қарши чиқиб, фаластинликларни Ғазо секторидан чиқариб юбориш таклифини рад этди.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги бу борада АҚШни минтақа барқарорлигига таҳдид ҳақида огоҳлантирди ва халқаро ҳамжамиятни икки давлат ечимини амалда татбиқ этишга чақирди. Шунингдек, «Миср Фаластин халқининг ўз заминидаги қатъияти, қонуний ҳуқуқлари тарафдори ва бу борадаги халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилинишини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», дейилади Миср ҳукумати баёнотида.

Қолаверса, халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддус билан мустақил ва суверен Фаластин давлатини барпо этишга олиб келадиган икки давлат ечимини амалга оширишга чақирилган. 

Эслатиб ўтамиз, Трампнинг фаластинликларни кўчириш ташаббуси анклавда ҳукмрон бўлган ҲАМАС ҳаракатининг ҳам жиддий норозилигига сабаб бўлган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг