Уганданинг 81 ёшли раҳбари еттинчи марта президентликка қайта сайланди
Уганданинг амалдаги президенти, 81 ёшли Йовери Мусевени 15 январдаги сайловда ғалаба қозонди.
Сайлов комиссиясининг дастлабки натижаларига кўра, у 76,25 фоиз овоз олди. BBC хабарига кўра, унинг асосий рақиби, мусиқачи Боби Вайн 19,85 фоиз овоз олди.
Мухолифат қонунбузарликларни даъво қилиб, натижаларни рад этмоқда. Овоз бериш арафасида мамлакатда интернет бутунлай ўчирилган эди. Худди шундай ҳолат 2021 йилги сайловларда ҳам содир бўлди. Вайн ўз тарафдорларини норозилик билдиришга чақирди, аммо ҳали оммавий намойишлар кузатилмади. Сайлов куни кечқурун Вайннинг партияси хавфсизлик кучлари унинг Кампаладаги уйини ўраб олганини хабар қилди.
Йовери Мусевени 1986 йилдан бери ўз лавозимида ишлаб келмоқда. У ҳокимиятга ҳарбий тўнтариш орқали келган. Ўзининг биринчи расмий нутқида у ҳукумати сайловлар ўтказилгунга қадар тўрт йиллик ўтиш даври давомида ҳокимиятда қолишини ваъда қилди. Танқидчилар уни шахсга сиғиниш яратишда ва мухолифатга босим ўтказишда айбламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter