Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина ва Россия урушда қанча қурбон бергани маълум қилинди

Украина ва Россия урушда қанча қурбон бергани маълум қилинди

2022 йил 24 февралдан буён давом этаётган уруш мобайнида Украина ва Россия томонидан ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони бир миллион нафардан ортди.

«The Wall Street Journal» нашри ҳисоб-китобига кўра, Украинанинг 80 минг ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, яна 400 минг нафари жароҳатланган. Босқинчилик урушини бошлаган Россия эса Украина ҳудудларида 200 минг аскар қурбон берган, яна 400 минг нафар рус ҳарбийси жароҳатланган.

АҚШ нашри Украина томонидан берилган қурбонларга оид маълумотлар Киев расмийларидан олингани, Россияга оид статистика манбаси эса Ғарб разведка хизматлари эканини маълум қилган.

Россия ҳам, Украина ҳам урушдаги қурбонларга оид рақамларни тўлиқ ва очиқ эълон қилганича йўқ. 2024 йил февраль ойида президент Владимир Зеленский урушда 31 минг украин аскари ҳалок бўлганини айтган эди. Россия томони эса 2022 йил сентябрдан буён бу борадаги рақамларни ошкор этмай келмоқда.

«The Wall Street Journal» аҳолиси Россиядан бир неча баробар кам бўлган Украина учун йўқотишлар кучлироқ сезилади деб ҳисоблайди.

Айни чоқда, Россия томонидан ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сонини 610 минг деб баҳолаган Буюк Британия ҳарбий разведкаси Москва ҳам аскар ёллашга қийналаётганига эътибор қаратган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил июль ойида «Медуза» нашри Украина босқини бошланганидан буён жанг майдонида Россиянинг 120 минг нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида ёзганди. Нашр Россия мерос реестри ва жамоат ҳукмига ҳавола қилинган таъзия хатларига таянган ҳолда ҳалок бўлган аскарларни ҳисоблашнинг махсус услубини ишлаб чиққан. Ушбу ҳисоб-китобга кўра, Россия армияси Украина урушида ҳар куни 200-250 аскаридан айрилмоқда.

Германия канцлери Олаф Шольцга кўра, президент Путиннинг империячилик васвасаси сабаб Россия ҳар ойда 24 минг аскар қурбон бераётир.

«The New York Times» газетаси 2023 йил август ойида ёзишича, қирғинбаротда Россия томонидан 120 минг киши ҳалок бўлган ва 170-180 минг киши яраланган. Украина эса 70 минг нафаргача аскарини йўқотган, 100-120 минг киши жароҳатланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг