Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро ташкилотлар Исроилга чақириқ билан чиқди

Халқаро ташкилотлар Исроилга чақириқ билан чиқди

Рафаҳдаги вайрон қилинган уй. 

Фото: AP

Исроил армияси Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Халқаро ташкилотлар эса Тель-Авив маъмуриятини айни пайтда 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган мазкур шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирмоқда. Хусусан, БМТ Рафаҳдаги тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиш лозим деб ҳисоблайди.

Таҳлилчилар Ғазода давом эттаётган жадал ҳарбий ҳаракатлар ҳамда бомбардимонлардан жонини асраб учуш Рафаҳда жам бўлган фаластинликлар учун бошқа қочадиган жой йўқлигини айтмоқда.  

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу маъмурияти эса Рафаҳ шаҳри ҲАМАС ҳаракатининг таянчи деган даъвони илгари сурган.

Ғазо билан чегарадош Миср ҳукумати Рафаҳга ҳужум режасини қоралаган ва мамлакат ҳудудида Фаластиндан қочқинлар ўтгудек бўлса, Исроил билан тинчлик битими бекор бўлишидан огоҳлантирган.

Рафаҳга ҳужум режасини Исроилнинг яқин иттифоқчилари ҳам маъқулламаган. Жумладан, АҚШ Исроил фаластинлик тинч аҳоли вакиллари хавфсизлигини таъминламас экан, Рафаҳдаги ҳарбий амалиёт қўллаб-қувватланмаслигини билдирган.

Шаҳарда 1,5 миллион фаластинлик жон сақламоқда. Фото: AFP

«Миллион одам жон сақлаётган ҳудудда режасиз ва пухта ўйланмаган ҳаракатлар билан амалиёт ўтказиш ҳалокатга олиб келади», – дейди Давлат департаменти вакили.

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель ҳолатни хавотирли деб атаган.

«Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми ҳақида хабарлар хавотир уйғотмоқда. Бу ҳалокатли оқибатларга олиб келади, шундоқ ҳам оғир гуманитар вазиятни баттар мураккаблаштиради ва тинч аҳоли вакиллари орасида оқлаб бўлмас қурбонларга сабаб бўлади», – дейди Ж.Боррель.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам Рафаҳга ҳужум гуманитар фалокатга етаклайди деб ҳисоблайди.

БМТга кўра, Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортган. 2023 йил 7 окятбрь куни Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён 2,3 миллион аҳолининг 85 фоизи тураржойини мажбуран тарк этган. Айни пайтда Фаластин анклавининг деярли бутун аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

Reuters агентлиги маълумотига қараганда, беш ойдан буён давом этаётган урушда камида 28 064 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 67611 киши жароҳатланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг