Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда туғилиш рекорд даражада пасайди

Хитойда туғилиш рекорд даражада пасайди

2025 йилда Хитойда туғилиш даражаси тарихий энг паст кўрсаткичга тушди. Мамлакат аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил қисқариб, 1 миллиард 404 миллион кишини ташкил этди. Бу ҳақда ХХР Давлат статистика бошқармаси маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил давомида мамлакатда 7,92 миллион чақалоқ туғилган, 11,31 миллион киши вафот этган. Натижада аҳоли сони бир йил ичида 3,39 миллион кишига камайган. 

Туғилиш кўрсаткичи ҳар минг аҳолига 5,63 нафарни, ўлим кўрсаткичи эса 8,04 нафарни ташкил этган.

CNN таъкидлашича, 2025 йил якунлари бўйича Хитойда туғилиш даражаси мутлақ тарихий минимумни қайд этди. Илгари энг паст кўрсаткич 2023 йилда — ҳар минг кишига 6,39 туғилиш даражасида қайд этилган эди. 2024 йилда қисқа муддатли ўсиш кузатилган бўлса-да, янги маълумотлар бу ҳолат барқарор тенденция эмас, балки истисно бўлганини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, 2016 йилдан буён Хитойда туғилиш изчил равишда пасайиб бормоқда. Давлат томонидан кўрилган рағбатлантирувчи чора-тадбирлар – солиқ имтиёзлари, болали оилаларга субсидиялар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларига қарамасдан, демографик инқирозни бартараф этиш ҳозирча имкон бермаяпти.

CNN маълумотларига кўра, ўн йиллаб амал қилган «бир оила — бир бола» сиёсати ортидан юзага келган демографик муаммоларни қисқа вақт ичида ҳал этиш қийин бўлиб қолмоқда. Экспертлар аҳолининг қариши, меҳнат ресурсларининг камайиши ва иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кучайишидан хавотир билдирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг