Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойдаги сўнгги йирик масжиднинг гумбаз ва миноралари ҳам бузиб ташланди

Хитойдаги сўнгги йирик масжиднинг гумбаз ва миноралари ҳам бузиб ташланди

Хитойнинг Юньнань музофотидаги Шадян жоме масжидининг гумбаз ва миноралари бузиб ташланди. Нафақат музофот, балки мамлакатда ҳам энг йирик масжидлардан бири саналган ибодат маскани «исломни хитойлаштириш» дастури доирасида реконструкция қилинган.

«The Guardian» нашри хабарига кўра, Мадинадаги Масжидун-Набавий меъморий услубида қурилган қадимий Шадян жомеси илгари нилий гумбазлари ва кўкка бўй чўзган миноралари билан тилга тушган эди. Масжиднинг гумбаз ва миноралари олиб ташланиб, у хитой меъморий услубига хос иморатга айлантирилган. Бино пештоқидаги арабий битиклар ўрнига хитойча ёзувлар киритилган.

2018 йилда Хитой ҳукумати «исломни хитойлаштириш» бўйича 5 йиллик дастур эълон қилган эди. Унинг доирасида ислом меъморчилигини хитойга хос услубга ўзгартириш кампанияси амалга оширилди. Қолаверса, «исломни хитойлаштириш» мамлакатдаги мусулмон аҳолининг хитой анъаналари ва маданиятига ассимиляциясини кўзда тутади. Ўшандан буён мамлакатда дин соҳаси устидан назорат кучайгани айтилади.

2018 йилда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси масжидлар назоратига доир ҳужжат қабул қилган. Унга кўра, маҳаллий ҳокимиятларга «масжидларни кўпроқ бузиш ва камроқ қуриш» топшириғи берилган.

«Financial Times» газетаси маълумотларига қараганда, 2018-2023 йилларда Хитойдаги 2300 дан зиёд масжиднинг тўртдан уч қисми ташқи кўриниши ўзгартирилган ёки бузиб ташланган.

Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нинся мухтор ўлкаси ва Ганьсу вилоятидаги юзлаб масжидлар вайрон қилингани ва ёпилгани ҳақида хабар берганди.

«Масжидларнинг ёпилиши, вайрон қилиниши ва бошқа муассасага айлантирилиши Хитойда исломий эътиқодни чеклашга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг бир қисмидир», – деган HRW’нинг Хитой масалалари бўйича директори Майя Вонг.

Хитой маъмурияти «масжидларни бирлаштириш» сиёсати юритилаётганини айтади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни эътиқод эркинлигининг бузилиши деб баҳолайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг