Зеленский Европа ва АҚШдан қандай хавфсизлик кафолатларини кутяпти?
22 декабрь куни Украина президенти Владимир Зеленский Украина ва АҚШ келажакдаги тинчлик келишуви ҳамда хавфсизлик кафолатлари бўйича асос бўладиган ҳужжатлар тўплами устида ишни якунлаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Суспільне» хабар берди.
Асосий ҳужжат — хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув бўлиб, унда Украина армиясини қўллаб-қувватлашга оид ёпиқ иловалар ва батафсил маълумотлар жой олган. Шунингдек, мамлакатни тиклаш бўйича шартноманинг дастлабки лойиҳалари ҳам тайёр.
«Менимча, дастлабки лойиҳалар учун қилиниши мумкин бўлган барча иш қилинди. Илк ишланмалар деярли 90 фоизга тайёр. Шартнома имзолангандан кейин армиямиз ва Украина нималарга таяна олади, қанчалик кучли бўлишимиз мумкин – мана шулар биз учун жуда муҳим бўлган жиҳатлар», – деди Зеленский.
Украина президенти ўзининг Telegram-каналида Украина Европа ва АҚШдан кутаётган хавфсизлик кафолатлари рўйхатини эълон қилди:
- Украина Қуролли Кучларининг сони 800 минг нафарни ташкил этади. Украина шерик давлатлар бу миқёсдаги армияни таъминлаш учун зарур молиявий ёрдам беришини кутмоқда.
- Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлади.
- 30 та давлатдан иборат «хоҳловчилар коалицияси» Украинага ҳавода, қуруқликда ва денгизда, шунингдек энергетика, молия, гуманитар ёрдам ва бошпана соҳаларида хавфсизликни таъминлайди.
- АҚШ хавфсизлик кафолатларини тақдим этади (улар юридик жиҳатдан мажбурий бўлади ва АҚШ Конгресси томонидан қўллаб-қувватланади), шунингдек Украина армияси учун ҳарбий тийиб туриш пакетини тақдим этади.
Зеленскийнинг айтишича, сўнгги кунларда Украина делегацияси АҚШда Дональд Трамп маъмурияти билан музокаралар ўтказган ва ҳозир Киевга қайтмоқда.
«Айни пайтда америкаликлар Россия вакиллари билан музокараларни давом эттирмоқда. Улар гаплашади, шундан кейин биз фикр-мулоҳазаларни оламиз. Биз томондан барча зарур маълумот тақдим этилди», – дея қўшимча қилди Украина президенти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter