Ўзбекистон – Қозоғистон: муҳим иқтисодий лойиҳа муддатига аниқлик киритилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига яқин ҳудудларда савдо зоналари ташкил этиш лойиҳасининг юридик жараёнлари жорий йил июлга қадар якунланади. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов учрашувида маълум қилинди.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръати ўсиб бораётгани қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида икки давлат савдо айланмаси 1,09 миллиард долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нистабан 11 фоиз юқори кўрсаткичдир.
Мулоқот асносида икки давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижроси ҳам муҳокама этилган.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришда минтақавий робиталар муҳим ўрин тутади. Чегара ҳудудларда савдо зоналари ташкил этиш лойиҳаси ҳам янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, мазкур савдо зоналарида икки давлат фуқаролари учун кирди-чиқди муҳрларини олмай олди-сотди қилиш имконияти яратилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов Алматида учрашиб, товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш истиқболини муҳокама қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter