Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия президенти демократияни ҳимоя қилиш зарурати ҳақида гапирди

Германия президенти демократияни ҳимоя қилиш зарурати ҳақида гапирди

Германия замонавий давлатчилиги тарихида муҳим ҳодиса – Конституциявий кенгаш таъсис қилинганига 75 йил тўлди. Ушбу сана муносабати билан ташкил қилинган маросимда мамлакат президенти Франк-Вальтер Штайнмайер демократияни ҳимоя қилиш зарурати ҳақида гапирди.

«Сиёсатчидан тортиб фуқарога қадар – ҳар биримиз демократиямизни асраб-авайлашга масъулмиз. Биз уни ҳимоя қилишимиз керак. Демократик тартиботимиз диктатура, уруш ва геноцид кўланкасида дунёга келганини унутмайлик», – деб таъкидлаган федерал президент.

Эслатиб ўтамиз, 1948 йилнинг августида Бавария қироли Людвиг II нинг қароргоҳи – Ҳерренкимзе қасрида Конституциявий кенгаш мажлислари бўлиб ўтган. Ғарбий ҳудудлар вакилларидан иборат Кенгаш Иккинчи жаҳон уруши хатоларидан сабоқ чиқарган олмон давлатининг Асосий қонуни тамойилларини ишлаб чиқиши лозим эди.

Конституциявий кенгашнинг тарихий аҳамияти шундаки, икки ҳафта ичида нафақат Германия, балки бутун тараққийпарвар Ғарб келажаги учун муҳим аҳамият касб этган ҳужжат тарҳи тайёрланган.

Баҳс-мунозаралар жараёнида федерал ҳукуматнинг кенг ваколатларга эга бўлиши, федерал президентнинг бетарафлиги каби масалаларда муштарак хулосага келинган. Мамлакат демократик-ҳуқуқий йўлни танлагани белгиланган.

Кейинроқ Бонн шаҳрида атоқли давлат арбоби Конрад Аденауэр раислигида йиғилган Парламент кенгаши Конституциявий кенгашнинг асосий таклифларини қабул қилган. Ушбу лойиҳа пировардида 1949 йилнинг 8 майида Германия Конституцияси қабул қилинишига асос бўлган.

Диққатга молик жиҳати, «Конституция оталари» мамлакатнинг шарқий ҳудудлари – Германия Демократик Республикасининг бирлашуви омилини ҳам назардан қочирмаган. 1990 йил 3 октябрда ғарбий ва шарқий ҳудудлар бирлашганидан кейингина ушбу ҳужжат бутун олмон халқининг Конституцияси деб эътироф этилган.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг