Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил яна «қизил чизиқ»ни кесиб ўтди

Исроил яна «қизил чизиқ»ни кесиб ўтди

6 июнь куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги БМТнинг фаластинликларга кўмак бўйича агентлиги тасарруфидаги мактабга ракета зарбаси йўллади. Ҳужум оқибатида камида 40 киши, жумладан, 14 нафар бола ва  9 нафар аёл ҳалок бўлди.

БМТнинг фаластинликларга кўмак бўйича агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини кўплаб тинч аҳоли бошпана сифатида фойдаланаётган мактабга огоҳлантиришсиз бомба ташланганини қоралаган. Аниқланишича, Нусейрат қочқинлар лагеридаги мактабга ҳужум пайти у ерда 6000 нафар фаластинлик бўлган.

Исроил армияси мактабда ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти бўлгани ва ракета зарбасида жангарилар ўлдирилгани ҳақида баёнот берган. Аммо ҲАМАС ҳаракати бу даъвони рад этган.

«Босқинчилар мактабдан бошпана топган ўнлаб одамларга қарши шафқатсиз жиноятини оқлаш ва жамоатчилик фикрини бошқа ўзанга буриш учун сохта маълумотлардан фойдаланмоқда», – деган ҳаракат вакили.

CNN телеканали ўнлаб фаластинлик ўлимига олиб келган ҳужум АҚШ қуроллари орқали амалга оширилганига эътибор қаратган.

Халқаро ташкилотлар Исроил армияси уруш қонунларига кўра дахлсиз саналган мактаб, шифохона ва тинч аҳоли қўним топган лагерларга муттасил ҳужумлар уюштираётгани ҳақида бонг уриб келади. Ғазода уруш бошланган 2023 йил 7 октябрдан буён БМТ тасарруфидаги 180 та бинога ҳужум уюштирилган.

26 май куни Исроилнинг Рафаҳ шимоли-ғарбидаги тинч аҳоли чодирларини бомбалаши оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди ва яна бир неча киши яраланди.

БМТ бу ҳужумни қоралаб, Исроил армиясининг ҳаракатлари натижасида Ғазо сектори «ер юзидаги дўзах»га айлангани ҳақида баёнот берди.

Май ойида Ғазо секторидаги «Аш-Шифо» тиббиёт мажмуаси ҳудудидан яна бир биродарлик қабрлари топилди. БМТ  Хавфсизлик кенгаши касалхоналар ва унинг атрофида юзлаб жасадлар топилгани юзасидан чуқур хавотир билдирган ва текширув ўтказишга чақирган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён ўтган 244 кун давомида 36586  нафар фаластинлик ҳалок бўлди,  83309 нафари жароҳатланди.

БМТнинг саломатлик ҳуқуқи масалалари бўйича махсус маърузачиси Тлаленг Мофокенг қамалдаги Ғазо секторида амалга оширилаётган зўравонликларни шубҳасиз геноцид деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг