Самарқанд Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирган мулоқот майдонига айланди
Бугун, 17 сентябр куни Самарқанд шаҳрида «Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси» мавзусида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтди. Тадбир 15 сентябр — Халқаро демократия кунига бағишланди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан ўтказилган тадбир БМТ ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Юксалиш» ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, ЎзННТМА ҳамда Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форум АҚШ, Канада, Белгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Испания, Франция, Швеция, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидаги ақл марказларидан ташриф буюрган халқаро экспертлар, шунингдек, мамлакатимиздаги жамоат тузилмалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва ОАВ вакилларидан иборат 200 нафарга яқин мутахассисни бир даврага жамлади.

Таъкидлаш керакки, ҳар йили Халқаро демократия куни доирасида демократиянинг замонавий ривожланиш тенденциялари ва долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. 2026 йилда мазкур сана “Инсон ҳуқуқларини диққат марказига олиб чиқиш” мавзуси остида ўтказилмоқда.
Форумнинг айнан Самарқанд шаҳрида ташкил этилгани ҳам ўзига хос рамзий аҳамиятга эга. Асрлар давомида Самарқанд Шарқ ва Ғарбни, турли халқлар, маданиятлар, динлар ва ғояларни боғлаб келган цивилизациялар чорраҳаси бўлиб, бу заминда тараққиёт мулоқот, ўзаро ҳурмат, илм-маърифат ва ҳамкорлик билан уйғун ривожланиб келган.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, миграция жараёнлари, ахборот маконида ишончли ахборотни таъминлаш билан боғлиқ масалалар давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот ҳамда ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Бундай шароитда демократик тараққиётни таъминлаш, ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини таъминлаш, инсон манфаатларини илгари суриш, аҳоли фикрини давлат органларига етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
Шу маънода, замонавий демократик тараққиёт давлат бошқаруви органларининг очиқ ва ҳисобдор фаолияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ташаббускорлиги ва фаол иштироки билан узвий боғлиқ.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларида давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш борасида муайян тажрибалар шаклланди.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Хусусан, «яшил» энергетика соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурслардан оқилона фойдаланиш, Оролбўйидаги экологик муаммолар ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни кучайтириш Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг муҳим устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатда мазкур йўналишларни амалга ошириш ўзига хос тарихий, миллий ва институционал хусусиятларга эга. Бу эса минтақада ўзаро тажриба алмашиш, умумий ёндашувларни муҳокама қилиш ва илғор амалиётларни кенг татбиқ этиш учун муҳим асос яратади.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасини қиёсий ўрганиш, демократик тараққиётнинг умумий тенденцияларини аниқлаш, мавжуд масалаларни таҳлил қилиш ва истиқболли вазифаларни белгилаш форум муҳокамаларининг муҳим йўналишларидан бири бўлди.
Очилиш маросимидан сўнг форум ўз ишини «Халқчил бошқарув ва ижтимоий шериклик: ислоҳотларни амалга оширишнинг замонавий механизмлари», «Инсон манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли», «Янги Ўзбекистон — Марказий Осиёда умумий тараққиёт ва яхши қўшничилик драйвери» мавзуларига бағишланган учта ёнма-ён тадбирда давом эттирди.
Сессиялар доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлар ва ННТлар тармоқларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, минтақада фуқаролик жамияти институтлари учун доимий мулоқот платформаларини ривожлантириш, ижтимоий инновациялар ҳамда самарали ННТ амалиётларини оммалаштириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, Қозоғистоннинг «Ерменсай» жамоат бирлашмаси раҳбари Людмила Сенгирбаева мамлакатида маҳаллий ижтимоий муаммоларни ҳал этишда «давлат — фуқаролик жамияти — маҳаллий ўзини ўзи бошқариш» уч босқичли модели шаклланганини ўртоқлашди.

Унда асосий ёндашув анъанавий маъмурий бошқарувдан фуқаролар ва ННТларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этувчи иштирокчи бошқарувга ўтишга қаратилганини билдирилди. Таъкидлашича, бу ҳамкорлик Фуқаролик форуми, вазирлик ва ҳокимликлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда жамоатчилик назорати институти орқали амалга оширилади. Жамоатчилик кенгашлари таркибининг камида 70 фоизини жамоатчилик вакиллари ташкил этиши фуқаролар овозини қарорларга олиб киришга хизмат қилади.
Тожикистоннинг «Иқтидор» жамоатчилик ташкилоти бошқарув Кенгаши аъзоси Нодира Раҳмонбердиева жамоатчилик мониторингини давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида эътироф этди. Хусусан, жамоатчилик мониторинги давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида муаммони аниқлашдан тортиб маълумот тўплаш, фактни текшириш, таҳлил, тавсия, давлат билан мулоқот ва тавсиялар ижросини қайта кузатишгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олиши кераклиги ҳақидаги фикрни илгари сурди.
Таъкидлаш ўринлики, тадбирда иштирок этган хорижлик экспертлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот механизмларини такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этдилар.
Форум глобал миқёсда демократик институтлар олдида янги чақириқлар юзага келаётган бир шароитда Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини яна бир бор намоён этди.
Форум якунларига кўра, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган резолюция қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter