Марко Рубио Самарқандга 200 дан ортиқ америкалик ишбилармон билан келяпти
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 17–22 октябр кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради. У Самарқанд, Мумбай ва Жамнагар шаҳарларида бўлади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти 13 октябр куни маълум қилди.
Ташриф доирасида Марко Рубио Самарқандда C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этади. Мазкур дипломатик платформа АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган.
АҚШ Давлат котиби, шунингдек, C5 мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Марко Рубио ташриф давомида 200 дан ортиқ бизнес вакилидан иборат АҚШ тижорат делегациясига раҳбарлик қилади. Вашингтон ушбу ташрифни АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконияти сифатида баҳоламоқда.
Ўзбекистондан кейин АҚШ Давлат котиби Ҳиндистонга йўл олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter