Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турдимов 3 та соҳа бўйича ҳокимлар ишини мувофиқлаштиради

Турдимов 3 та соҳа бўйича ҳокимлар ишини мувофиқлаштиради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон билан ҳукумат тузилмасига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири лавозими киритилди. 9 октябр куни ушбу лавозимга аввал Сирдарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов тайинланган эди.

Янги лавозим эгаси таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари фаолиятини ушбу йўналишларда мувофиқлаштиради.

Фармонга мувофиқ, Турдимовга Таълим ва фан вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Касб-ҳунар таълими, Инновацион ривожланиш ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентликлари бириктирилди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Клиник аудит инспекцияси унинг мувофиқлаштируви доирасига киритилди.

Ички ишлар вазирлиги билан таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда зўравонлик жиноятларининг олдини олиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилинади. Ёшлар ишлари агентлиги билан ёшларни ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва тарбиялаш йўналишида иш олиб борилади. Фанлар академияси ҳам бириктирилган ташкилотлар рўйхатига киритилди.

Бошқа вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан ҳам таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги вазифалар доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли йўналишлар бўйича ўринбосарлари ҳам ушбу тизимга киритилган.

Айрим ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш алоҳида белгиланди. Давлат хавфсизлик хизмати билан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, ёшларни жиноий гуруҳларга жалб этиш, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш масалалари бўйича иш олиб борилади.

Миллий гвардия билан эса ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилинади.

Фармонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 12 та штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятини ташкил этиш кўзда тутилган. Унинг бешта штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлимидан ўтказилади. Қолган еттита штат бирлиги қайта ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари штатларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими Маданият ва спорт масалалари бўлими деб қайта номланади. Ҳукумат ижро этувчи тузилмасидаги бошқарув ходимларининг умумий сони 243 нафар этиб белгиланди. Ҳукуматга икки ҳафта муддатда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазирининг функционал вазифалари ҳамда котибият тўғрисидаги низомни тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилиш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг